Афғонистоннинг ғарбий қисмида юз берган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 73 киши, жумладан 17 бола ҳалок бўлди. Қурбонларнинг аксарияти Эрон томонидан депортация қилинган афғон муҳожирлари экани маълум қилинди.
Мамлакат муваққат ҳукумати вакили Аҳмадуллоҳ Моттақийнинг “BBС”га айтишича, автобус кеча кечқурун Ҳирот вилоятида юк машинаси ва мотоцикл билан тўқнашиб, ёниб кетган. У Кобулга йўл олаётган эди. Бахтсиз ҳодисада автобусдаги барча йўловчилар ҳамда бошқа транспорт воситаларидаги икки киши ҳалок бўлган.

Маҳаллий ҳокимлик матбуот котиби Муҳаммад Юсуф Саиди барча йўловчилар Ислом Қалъа (Афғонистон–Эрон чегараси яқинидаги шаҳар) дан автобусга чиққанини тасдиқлади.
Ҳалокатга автобус ҳайдовчисининг “ортиқча тезлиги ва бепарволиги” сабаб бўлгани айтилмоқда.
Сўнгги ойларда Эрон ўз ҳудудида ҳужжатсиз яшаётган юз минглаб афғон муҳожирларини мажбуран қайтаришни кучайтирди. Шу йилнинг январидан буён БМТ маълумотига кўра, 1,5 миллиондан ортиқ афғонистонлик Эронни тарк этишга мажбур бўлган.
Мусулмон Зиё, ЎзА