Адвокатларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг онлайн лицензия олиш имконияти яратилаётгани оворагарчиликларга чек қўйиб, бор кучини фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сарфлашига йўл очади.
Малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
“Юридик ёрдам” ахборот тизими яратилмоқда. Тизим орқали адвокат сўровини электрон юбориш, электрон тартибда адвокат ордерини олиш, адвокатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашишни самарали йўлга қўйишга имкон беради.
Тизим, ўз навбатида, адвокатнинг электрон шахсий кабинети орқали жисмоний ва юридик шахсNorлар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатишига ҳам йўл очади.
Тошкентда “Адвокатуранинг ривожланиш истиқболлари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференцияда шу каби янгиликлар ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Адвокатлар палатаси томонидан ўтказилган тадбир Адлия вазирлиги, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакиллари, Европа таълим дастури (HELP) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш, бу борада тажриба алмашиш, рақамлаштириш даврида адвокатлик фаолиятининг истиқболлари муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси А.Эрназаров адвокатура институтининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини қайд этди. Бу йўлда адвокатларга имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.
Конференцияда бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида юзага келаётган муаммоларга ечим излаш, адвокатларнинг малакасини ошириш ва тадбиркорлик субъектларига ҳамда инвестиция фаолиятида малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини таҳлил қилиш ҳамда амалиётнинг долзарб масалалари юзасидан фикр ва халқаро тажриба алмашилди.
– Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги лидер давлат деб биламан, – дейди конференция иштирокчиси, Ҳиндистон Адвокатлар палатаси вакили Кришнан Нандкумар. – Мамлакатингиз ҳар жиҳатдан ривожланиб бормоқда, хусусан, маданият, туризм соҳалари каби ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ҳам замонавийлашган. Биласиз, Ҳиндистонда аҳоли сони кўп ва шунга яраша адвокатлар сони ҳам жуда кўп. Ўзбекистонда ҳам адвокатларга қулайликлар яратилаётгани, уларнинг сони кўпайтирилаётгани эътирофга лойиқ.
Конференция давомида давлат бошқаруви, қонун устуворлигини таъминлаш, адвокатлик фаолиятини рақамлаштириш, адвокатлар учун малака ошириш: амалиёт ва тенденциялар, соҳани ривожлантириш каби мавзуларда халқаро даражадаги мутахассисларнинг маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.
Адвокатура соҳасида тажриба алмашиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва ахборот алмашуви ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан келишиб олинди.
Халқаро анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Грузия ва Арманистон адвокатлик тузилмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА