Адвокатура фаолияти давлат ҳимоясида бўлади
Янгиланаётган Конституциямизда прокуратурага оид нормалар қандай алоҳида бобда акс эттирилган бўлса, худди шундай адвокатурага бағишланган янги боб киритилиши кўзда тутилмоқда.
Бу ўз навбатида тарихий аҳамиятга эга воқелик сифатида баҳоланади. Зеро, бу орқали айблов ва ҳимоянинг том маънода тенглигини таъминлаш учун мустаҳкам конституциявий асосдир.
Конституцияда белгиланаётганидек, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам бериши учун адвокатура фаолият кўрсатиши назарда тутилмоқда. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.
Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда, унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсқинликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.
Энг муҳими, адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади.
ЎзА