Адвокатлар “прокуратура тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритиш таклифини билдирмоқда
Бу ҳақда Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастури мазмун-моҳияти, мақсадларига бағишланган тадбирда маълум қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастури мазмун-моҳияти, мақсадларига бағишланган тадбирда маълум қилинди.
Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу сайловга тайёргарлик кўриш мақсадида ҳар бир партия ўзининг сайловолди дастурини ишлаб чиққан.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Унда прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари тугатилиши кўзда тутилган. Партия вакилларининг фикрича, бу тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтишини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслигини таъминлаб, жараёнга идоравий манфаатлар аралашувининг олдини олади.
Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судларни бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш таклиф этилмоқда.
Тадбирда адвокатлар суд мустақиллигини ҳамда суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш кераклиги, амалдаги қонунларда ўзаро зид ҳолатлар мавжудлигини таъкидлади. Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб ва чақириб олиш ваколати белгиланган. Бу, биринчидан, прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан, прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини англатади.
Шунинг учун қонундан ушбу моддани чиқаришни, прокурорнинг суддан ишларни чақириб олиб, ўрганиш ваколатини бекор қилиш таклиф қилинди.
– Очиғини айтганда, суддан ишларни прокуратурага олиб келишни талаб қилганда, судья ишларни “қўлтиқлаб“ олиб бораяпти. Адвокат эса судга иш билан танишиш ҳақида ариза бериб, натижасини кутади, рухсат берилганда ҳам танишиш учун маълум вақт белгиланади, – деди “Қонун ва адвокат“ адвокатлик бюроси адвокати Анвар Мамедов. – Прокурор эса вақт чегараланмагани сабабли, иш билан ойлаб танишиши мумкин. Бу бизнинг тамойилларга тўғри келмайди.