Одил судлов фаолиятида мураккаб вазиятларда адолатни таъминлашда улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий жасоратини ўйлаб, энг севимли асарларим – Қодирий романларини варақлайман, шунда гўё бир аср муқаддам юз берган воқелик орасидан сизилиб чиқаётган адолат оҳанглари кўнглимга таскин беради.
Абдулла Қодирий романини ўқимаган ўзбек боласи бўлмаса керак. Миллатнинг икки ўлмас дурдонаси – “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари остонаси Ватан тупроғига йўғрилган, халқ дардига дармон бўлишга аҳд қилган ҳар бир хонадоннинг меҳробида – уйнинг тўрида кўрк бериб тургани тайин.
Қарийб бир аср муқаддам эл меҳрини қозонган ушбу романлар бугунги кунда ҳам ўз қадрини йўқотмаган. Ижоднинг олий даражасига мансуб “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён”га қадрсизланиш ёт. Илло, йиллар сайин бу романларнинг қадри янада ошмоқда.

Ўзбек романчилиги асоси бўлмиш мазкур икки асар кўп ва хўп таҳлил қилинган. Уларда акс этган воқеликнинг ҳар бир қиррасидан ажиб ҳикматлар топилган. Ҳар бир таҳлил Қодирий ижодига ҳурматни янада оширади.
Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, Қодирий романини ўқиган китобхон ўз қалбига мос ажиб тароватни ҳис қилади, ўз касбига хос мазмун-моҳиятни англайди.
Адабиётчилар романнинг бадиийлигига лол бўлса, сиёсатчилар камбағал ва бой ўртасидаги муносабатда янги хислатни кўрадилар. Тарихчилар Қодирий асарларида халқимизнинг яқин ўтмишдаги турмуш тарзини кўрсалар, санъат аҳли шарқона соф муҳаббат рамзини ҳис қиладилар, файласуфлар эса бунда ҳеч ким билмаган мантиқни топадилар.
Мен ҳам, айниқса, судьялик фаолиятимни бошлаганимдан буён “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён”нинг миллий суд-ҳуқуқ соҳасига хос, бугунги кун учун ҳам долзарб жиҳатларини, ўз касбим – судья нуқтаи назаридан Қодирий романини англашнинг одил судловдаги аҳамиятини ўзим учун янгидан кашф қилдим.
Дарҳақиқат, “Ўтган кунлар” ҳам, “Меҳробдан чаён” ҳам 19 аср охири – 20 аср бошланишига оид тарихни ўзида мужассамлаштирган. Ҳар иккаласида ҳам воқеалар адолатли ва бадиий жиҳатдан етук тарзда ечим топган.
Ҳар иккала романдаги сўзлар тизими шеърий асарни ёдга солади. “Теша тегмаган” иборалар Қодирий қаламининг нечоғли ўткир эканидан дарак беради.
“Ўтган кунлар”да Отабекнинг исмидаги “К” ҳарфидан Кумушнинг исми бошланса, “Меҳробдан чаён”да Раънонинг исми Анвардаги “Р” ҳарфига монанд. Бу ўзбек тилидаги сўз ўйинларига хосдир.
Ҳар иккала асар қаҳрамонлари ҳам камбағал эмас, ўзига тўқ оила фарзандлари бўлиб, давр руҳиятини яхши билади, янги замонга интилади.
Айтиш мумкинки, муаллифнинг ушбу танлови бугунги кундаги халқчил ҳаракат – камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатининг асл моҳиятини очишга хизмат қилади.
Бинобарин, ёзувчининг ўзи: “Меҳробдан чаён” романи мавзуси ҳақида тўхталиб, “Романда кўб жиҳатлар бор, уларни санаб ўлтуриш ҳожат эмас, улар муҳтарам ўқувчининг назаридан қочиб қутулмас”, – дейди.
Қодирийнинг маҳорати шундаки, ҳар иккала романда ҳам воқеаларни шунчаки чизмаган, асар қаҳрамонини сюжет тақозоси сифатида ўйлаб топмаган.
Назаримда, ҳар иккала романдаги ҳар бир сўз, ҳар бир мушоҳада ёзувчининг нафақат қалб туғёни, балки ҳаётни англашдаги асл хулосаси, муаллиф умрининг мазмунидир.
Хўш, Қодирийнинг ҳаёти, у ёзган романининг одил судловга алоқасини қай йўсинда англаш мумкин? Судья учун Қодирий илгари сурган қайси ғоялар таянч бўлади? Одил судлов фаолиятида Қодирий романидаги қайси жиҳатларни ёддан чиқармаслик керак?
Бир қараганда, бу саволларда мантиқий боғлиқлик йўққа ўхшайди. Гўёки баландпарвоз гаплар бир қаторга тизилгандек туюлади.
Аслида, Қодирийнинг қалби буюк бўлганига бир асрлик тарих далилдир. Нафақат Қодирий романида илгари сурилган бош ғоя, балки ёзувчининг ўз умр йўли ҳам адолат ва фақат адолат учун курашишдан иборат. Буюк қалбда туғён ҳам буюк бўлгай. Адолатнинг залолатдан устунлигини кўриш Қодирийнинг асл муддаосидир.
Ўтган бир асрлик давр ҳаққи баралла айтиш мумкинки, Қодирийнинг ўзи ҳам, у яратган романларнинг бош қаҳрамонлари ҳам ўз умрини айнан адолат тантанаси учун тиккан. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат, шу билан биргаликда, етиш қийин бўлган орзу, эришиш мураккаб бўлган мақсаддир.
Мамлакат ривожига тўсқинлик қилаётган жиҳатлардан бири коррупция экани бугунги кунда сир эмас. Аслида коррупция балоси биргина бизнинг юртимиз эмас, бошқа мамлакатларнинг ҳам изтиробидир. Коррупция барча иллатлар ичида энг зарарлисидир. Одил судловни коррупциянинг илдизига урилган болтага қиёслаш мумкин. Айнан одил судлов коррупция юз беришининг олдини олишга ҳам, юз берган коррупцияни тугатишга ҳам қодир кучдир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар бу борада ишончли замин яратмоқда.
Таҳлилларга кўра, коррупция юзага келишининг олдини олишдаги энг муҳим усул коррупцияга мойилликни бартараф этиш, коррупцияга дахлдор бўлиши мумкин бўлган онгни маънавий бойитишга эришишдир.
Маънавияти бой, қалби пок бўлган мансабдор шахс коррупцияга бўйсунмайди. Коррупцияга дуч келмасликнинг белгиси сифатида ўзликни сақлай билиш, мақтовга алданмаслик, мансабпарастлик туйғусига “қул” бўлмаслик каби жиҳатларни кўрсатиш мумкин. Бунда, энг муҳими, ҳар қандай ҳолда ҳам қонундан чалғимасликдир.
Бадиий китобни кам ўқиган киши ҳаётнинг қувончини ҳам кам билади, бадиийлик туфайли олиш мумкин бўлган шодликларни ўзида ҳис қилишга қийналади. Етук асар аслида бир неча йил яшаш орқали синаб кўриш мумкин ҳаётий тажрибани таҳлил қилиб, зарур кўникмани шакллантириб беради.
Шахсни маънавий жиҳатдан тарбиялашда бадиий етук асар алоҳида аҳамият касб этиши инобатга олинса, Қодирий романларининг аҳамияти янада сезилади.
“Ўтган кунлар”ни ҳам, “Меҳробдан чаён”ни ҳам ўқиган киши ушбу романлар қаҳрамонлари бўлмиш Анвар, Раъно, Отабек ва Кумушнинг тарбияли, ростгўй, ҳақ йўлдан қайтмайдиган, “ўзига тўқ оила”дан эканига эътибор қаратиши, шубҳасиз.
Масалан, Анварнинг ўз касбида ҳаққонийликни таъминлаш учун ҳар қандай ҳийла-найрангларга бўйсунмаслиги, бу йўлда қўрқмасдан курашиши бугунги кун судьяси учун ўрнак олишга арзигулик жасоратдир.
Отабек билан Кумушнинг тақдири оилани мустаҳкамлашга оид низони ҳал этишда нечоғлик аҳамиятли эканини ҳис қилиш судья учун муқаддас бурчдир.
“Ўтган кунлар” романида Юсуфбек ҳожининг тилидан айтилган ”Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо кетмаслиги керак” иборасига ҳам катта мазмун сингдирилган.
Қалби ҳақиқатга ошно бўлгани туфайли ўлимни ҳам мардона кутиб олган Қодирийнинг жасорати эса ноқонунийликка бўйсунмасликда ўзи яратган асар қаҳрамонлари ютуқларидан ҳам баландроқ ва бу хислат ҳар қандай судья учун мангу маёқдир.
Сир эмас, Абдулла Қодирий адолатни истагани учун, адолатли ғояларни илгари сурган романлар ёзгани учун қатл этилди. Бироқ, Қодирий истаган адолатни йўқотиб бўлмади. Қодирий романини ўқиш бир муддат тақиқланди. Бироқ, бу тақиқ ҳам ҳақиқат силсиласида барҳам топди.
Эл оғзида “Адолат эгилади, бироқ синмайди” деган ибора юради. Қодирийнинг адолати, у яратган мангу сиймоларга синдирилган ҳақиқат эса нафақат синмаган, ҳаттоки, эгилмаган ҳам. Сўнгги юз йиллик гувоҳлигида исботланган бу далил судьянинг қалбидан жой олмоғи лозим.
Янги Ўзбекистон ғоялари шарофати билан Абдулла Қодирийга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Ёзувчининг ҳақиқатлари тўлиқ тикланди. Улуғ бобомиз бир вақтлар мажбурий тарзда олиб кетилган ва қайтиш насиб этмаган ҳовлида бугун муҳташам музей ташкил этилган. Юртнинг тупроғида, осуда осмонида Қодирий орзу қилган адолат уруғлари авж олмоқда...
Назаримда, бир аср муқаддам юз берган воқелик орасидан сизилиб чиқаётган Адолат оҳанглари Абдулла Қодирийнинг ҳаёти, унинг романига жо бўлган хислатлар одил судловни таъминлашга чорлагандек туюлади, ҳар сафар суд мажлисига киришдан олдин қулоғим остида гўёки Қодирийнинг “Адолат борми, Сизда....”, деган хитоби жаранглаб туради.
Раъно Хусаинова,
ФИБ Ўртачирчиқ туманларо судининг судьяси, ю.ф.н.