Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолига холис ахборотларни етказиб бериш, жамоатчилик билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Судьялар олий мактабининг мутасаддилари 2021 йилдаги фаолияти якунлари юзасидан батафсил маълумотлар беришди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ташкил этилган бўлиб, судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд тизими ходимларининг малакасини ошириш бўйича ягона таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Судьялар олий мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад янги жамиятнинг стратегик мақсадига айланган «адолатни қарор топтириш»га қодир бўлган судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашишдир.
Бугунги кунда Олий мактабда учта йўналишда:
- грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
- давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;
- давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим жараёнида эскирган ўқув-услубий ёндашувдан воз кечилиб, ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиётининг узвий боғлиқлиги таъминланиб, энг муҳими, тингловчиларнинг қарор қабул қилишда ижодий ёндашуви шаклланишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Шунингдек, касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндашувлар эътиборга олиниб мавзулар қўйилади.
Масалан, психологик ҳолатни назорат қилиш кўникмасини шакллантириш учун «Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш», «Конфликтология. Низоларнинг келиб чиқиши,иш жараёнида низоларни ҳал қилишнинг самарали усуллари», «Тайм-менежмент. Вақтни бошқариш, иш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш» каби дарс машғулотлари олиб борилади.2021/2022 ўқув йилида магистратура ўқув курсининг барча ихтисосликларига «Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш муаммолари» ва «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» каби янги ўқув дастурлари киритилди.
Олий мактаб магистратурасига қабул фақат олий юридик маълумотга эга 34 ёшдан кичик бўлмаган беш йиллик иш тажрибасига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади. Қабул квотаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланади.
Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади ва уларга судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади. Бироқ, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб беради.
Мамлакатимиздаги мавжуд судлардан келиб чиққан ҳолда фуқаролик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, иқтисодий ҳуқуқ ва маъмурий ҳуқуқ йўналишлари бўйича ўқитилади.
Айни пайтда қуйидаги 6 та кафедра фаолият юритмоқда:
- «Фуқаролик ҳуқуқи» кафедраси;
- «Жиноят ҳуқуқи»кафедраси;
- “Иқтисодий ҳуқуқ» кафедраси;
- «Маъмурий ҳуқуқ» кафедраси;
- «Касбий кўникмалар» кафедраси;
- «Инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ» кафедраси.
Судьялар олий мактабида 13 нафар илмий даражага эга бўлган мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 5 нафари юридик фанлар доктори (3 нафари профессор, 1 нафари доцент), 8 нафари юридик фанлар номзоди (3 нафари доцент) ҳисобланади. Олий мактабнинг 14 нафар ходими илгари судьялик лавозимида фаолият юритган.
Штатдаги профессор-ўқитувчилар сони 10 нафарни ташкил этиб, мавжуд штат доирасида 11 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
Кафедра педагог-ходимлари билан биргаликда, дарс машғулотларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг соатбай шартлари асосида суд тизими ва бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган, кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган 48 нафар малакали мутахассислар (12 нафари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, 22 нафари судья, 14 нафари суд ва бошқа соҳа мутахассислари) жалб қилинган.
Олий мактабда магистратура таълим дастури 30 ҳафта назарий ва амалий таълим, 16 ҳафта стажировка ва аттестация, 4 ҳафта таътильдан иборат бўлиб, жами 1080 соатни ташкил қилади. Магистратура курсининг ўқув дастурида ўқув машғулотларининг 33 фоизи назарий билимларга, 67 фоизи амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган.Магистратура курси мутахассислик фанлари ўқув дастурининг мавзулари суд статистикасини ўрганган ҳолда суд амалиётидаги долзарб муаммоларни инобатга олган ҳолда шакллантирилган.
ЎзА