Шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловига тайёргарлик ишлари, сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти жараёнлари қизғин кечмоқда. Ҳар бир партия муҳим ташаббус ва ғоялар билан сиёсий кураш майдонига чиқмоқда.
Жумладан, “Адолат” СДП жорий йили бўлиб ўтажак сайловлар олдидан судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига кўра, Польша, Россия, Германия, Япония каби давлатларда судьялар мақомига оид қонунлар мавжуд.
Партия “Судьялар мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш заруратининг бир қатор жиҳатларини қайд этади. Хусусан, биринчидан, қонун судьяларнинг аниқ вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради. Иккинчидан, судьяларнинг иш юкламалари қонун асосида мақбуллаштирилади. Учинчидан, қонунда судьялар лавозимга қандай тайинланиши ва ишдан қандай озод қилиниши аниқ тартибга солинади. Тўртинчидан, судьялар ўз фаолиятида ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимояланади, қонун судьяларнинг адолатли ва мустақил қарорлар қабул қилишига тўсиқ бўладиган ташқи босимлардан ҳимояни таъминлайди. Бешинчидан, судьяларга нисбатан ижтимоий имтиёзларнинг назарда тутилиши уларнинг коррупцион фаолиятга аралашишларининг олдини олади.
Қайд этиш лозимки, судларнинг холис ва мустақил бўлиши фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини янада оширади, жамиятда тинчлик ва барқарорлик мустаҳкамланади. “Судьялар мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши эса судьялар мустақиллиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, суд ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Тарғибот-ташвиқот тадбирларида партиянинг ушбу ташаббуси кенг тарғиб этилмоқда.
М.Комилова, ЎзА