“Адолат” СДП номзодининг сайловолди дастури эълон қилинмоқда
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги қурултойи давом этмоқда.
Айни пайтда кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясининг номзоди Б.Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурининг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишларини қурултой қатнашчиларига маълум қилмоқда.
Номзод сайловолди дастурининг давлат ҳокимияти бошқаруви йўналишида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; бошқарувда шаффофлик ва ошкоралик тамойилига қатъий риоя этилишини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, коррупционерларга Ватан тараққиётига тўғаноқ бўлувчи ёт унсурлар деб қараш, коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган.

Дастурнинг Адолатлилик ва суд-ҳуқуқ йўналишида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахс дахлсизлиги, шахсий дахлсизлик, мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, наботот ва ҳайвонат олами дахслизлиги тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлаш; жиноятчиликка, шу жумладан, давлат мулкини ўзлаштиришга, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш; ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаш; адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқиш. жарималар биринчи навбатда ҳалқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, жарималарни белгилашда уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлаш, айрим жиноят турларига маънавий жазо қўллаш, ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаш каби масалалар кўзда тутилган.
Ижтимоий йўналишда ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш, ҳар бир инсонни ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар билан таъминлаш, уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш; аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш, пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш, мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтариш, боғчаларга болаларга ҳозиргидек уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиш, умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратиш; аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли кам таъминланган ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш; таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш ва узвийликни таъминлаш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш масалаларига эътибор қаратилган.
Муҳтарама Комилова, Темур Мамадаминов, (сурат), ЎзА