—
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар Қўрғонча маҳалласида яшовчи Ҳ.Шамсиевдан Агентлигимизга келган уй-жой ютиб олиш учун аукцион савдоларида қатнашгани, салоҳиятли ғолиб сифатида топилгани, аммо ҳали- ҳамон Қарши шаҳар Мажбурий ижро бюроси томонидан мол-мулк унга топширилмасдан келаётгани хусусидаги мурожаат юзасидан 29.06.2023 йилда “Қашқадарёда аукциондан ютиб олинган уй нега эгасига берилмади?” (https://uza.uz/posts/497031) ва мавзуга қайтиб 25.07.2023 йилда “Қашқадарёда аукциондан ютиб олинган уй ҳанузгача эгасига қайтарилмади?” (https://uza.uz/posts/505057) сарлавҳали танқидий мақолалар эълон қилган эдик.
Хуллас, узоқ вақт давомида прокуратура, Мажбурий ижро бюроси, нотариус ва бошқа-бошқа ташкилотларга югур-югурлар иш бермагач, Ҳ.Шамсиев мазкур масала юзасидан Қарши туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бир неча суд мажлислари давомида судя М.Нийматов иштирокида суд иши кўриб чиқилди. Ишга дахлдор бўлган барча ташкилотлар вакиллари, жумладан, жавобгарлар, нотариус, банк ва аукцион савдолари ўтказувчи ташкилот вакиллари жамланди ва фикрлари тингланди.

Ниҳоят суд Ҳ.Шамсиевнинг даво аризасини қаноатлантириш бўйича қарор чиқарди. Ушбу қарор ўтган йилнинг 4 декабрь куни эълон қилинди.
Суд қарорига кўра, даъвогар Шамсиев Ҳусанжон Шокировичнинг жавобгар Жўраев Аброр Толипович, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариал идораси ва шерик жавобгар Каримов Умар Шариповичга нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.
Қарши шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Бегимов Аброр Хуррамович томонидан тасдиқланган Қарши шаҳар “Рогузар” МФЙ И.Каримов кўчаси 497-уй 7-хонадон юзасидан тасдиқланган 19.04.2023 йилдаги Жўраев Аброр Толипович ва Каримов Умар Шарипович ўртасидаги олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

Ушбу ҳал қилув қарори чиққанига бир ойдан ошди ва жавобгар томон апеллация тартибида шикоят киритмаганига қараганда, ҳукм ўз кучида қолди. Эндиги вазифа эса яна Мажбурий ижро бюросига юкланади. Чунки аукцион қоидаларига кўра, Мажбурий ижро бюроси савдога қўйилган уйни ўз эгасига бўшаттириб бериши керак. Хуллас, адолат қарор топишига, аукционда сотиб олинган уй-жой ҳақиқий эгасига ўтишига оз қолди.
Шу ўринда яна бир гап. Ҳ.Шамсиев онлайн аукцион савдоларидаги шаффофликка ишониб, уй-жой сотиб олганига ҳадемай бир йил тўлади. Лекин ҳамон уйига кира олмади. Бу орада унга қанча босимлар, асаббузарликлар бўлди, унга қанча маънавий зиён етди...
Кузатишда давом этамиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири