Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони
“Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимов 15 октябрь куни Каттақўрғон шаҳар драма театрида видеоконференцалоқа тарзида Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувда депутатлар, партия фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуроний ва ёшлар иштирок этди.
Номзоднинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили М.Бобобекова сайловчиларни Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзод учрашув қатнашчиларини сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирди. Дастурда кучли адолатли жамият ва чинакам адолатпарвар давлат қуриш ғояси асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, иқтисодиёт, таълим, маънавият ва ташқи сиёсат соҳаларида муҳим ташаббус ва ғоялар илгари сурилган.

– Инсон мудом адолат сари интилади – деди Б.Абдуҳалимов. – Адолат тамойили асрлар давомида ота-боболаримиз ҳаётий фалсафасининг ўзаги бўлиб келган. Зеро, адолат ақидаси ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш энг бирламчи вазифамиздир. Адолат ҳукм сурган жамиятда тинчлик, бағрикенглик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.
Номзод жамиятимиз ривожида хотин-қизларнинг иштироки масаласига алоҳида тўхталиб, юртимизда аёлга эҳтиром кўрсатиш — миллатга, юртга, эртанги кунимизга, келажак авлодимизга эҳтиром кўрсатишнинг бош мезонига айланганлигини таъкидлади. Хусусан, мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини янада кучайтириш ва сиёсий ҳуқуқларини оширишга эътибор қаратиб келинаётганини қайд этди.

– Жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” тамойилини қарор топтириш ишларини давом эттирамиз, – деди Б.Абдуҳалимов. – Шу мақсадда адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини янада такомиллаштирамиз. Ноҳақликнинг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга “халқ судлари” мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Учрашувда депутатлар, партия фаоллари, ёшлар вакиллари сўз чиқиб, сайловолди дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди ҳамда сайловчиларни Баҳром Абдуҳалимов номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА