Адлиячилар маҳаллаларга китоб улашди
Адлия вазирлиги томонидан Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан бошланган маҳаллаларда ёшлар учун кутубхоналар ташкил этиш лойиҳасига Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ва тизим ходимлари ҳам қўшилди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, улар #ziyo_ulash деб номланган мазкур челленжини уюшқоқлик билан бошлаб беришди ва туман, шаҳарлардаги 4-сектор ҳудудидаги олис маҳаллаларга 500 дан ортиқ китоб совға қилди.
Президент асарлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, ҳуқуқий ва болалар адабиётларидан иборат мазкур китоблар маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ташкил этилган мўъжаз кутубхоналардан жой олди.
Лойиҳа мамлакатимизда ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг китобга бўлган қизиқиши ва интеллектуал салоҳиятини оширишга бўлган интилишларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири