Адлия идоралари норма ижодкорлиги, юридик хизмат кўрсатиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда изчил фаолият юритмоқда.
Тизимда ушбу йўналишларда жорий йил тўққиз ойида қандай ишлар амалга оширилгани Адлия вазирлигининг ҳайъат мажлисида муҳокама қилинди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан 130, шу жумладан 33 та қонун, 34 та Президент ҳужжати, 46 та Ҳукумат ҳужжати, 12 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Келиб тушган жами 93,4 минг мурожаатнинг 82 фоизи қонуний ҳал этилди.
Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига кўрилган таъсир чоралар натижасида 8 минг 227 нафар мансабдор шахс маъмурий, 5 минг 438 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларида судларга киритилган 425 миллиард сўмлик даъво (ариза)лар қаноатлантирилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 300 мингга яқин тарғибот тадбири ўтказилди.
Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан эса жорий йил тўққиз ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоиз кўп, яъни 9,6 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди.
Мажлисда соҳада айрим муаммолар мавжудлиги, жумладан, мурожаатлар билан ишлашда айрим раҳбарларнинг қатъиятсизлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда тизимли ёндашув йўқлиги таъкидланиб, уларни бартараф қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА