Адлия вазири Қўшработда дастурлар ижросини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов Самарқанд вилоятида “Камбағалликдан фаровонлик сари!” дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Вазир, жумладан, Қўшработ туманининг Хонназар маҳалласида бўлиб, реестрга киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан чора-тадбирлар ижросини ўрганди. Аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглади.
[gallery-21593]
Жорий йил ушбу маҳаллада Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 800 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 40 нафар, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 12 нафар, Бизнесга биринчи қадам дастури асосида 43 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳудудда оилаларни камбағалликдан чиқаришда Хитой тажрибаси қўлланилиши ва бу жараёнда ўндан ортиқ лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилган.
Туман масъуллари билан мулоқотда оилаларни камбағалликдан чиқариш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муаммоларини ҳал этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири