Тошкентда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон прокуратураси: кеча, бугун ва эртага” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда адлия вазири Русланбек Давлетов жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ушбу фаолият охирги йилларда жамоатчиликнинг кўз олдида ривожланиб бормоқда.
- Хусусан, охирги уч йилда прокуратура органлари томонидан қонунийликни таъминлаш мақсадида жами 540 мингдан ортиқ прокурор ҳужжатлари қўлланилган, - деди Р. Давлетов. - Бу бир оддий рақамдек кўринади, лекин бу рақамлар ортида катта меҳнат ётганлигини фаҳмлаш қийин эмас.
Охирги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикасида коррупцион қилмишни содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар сони 14 мингдан ошган.
Шулардан 160 нафардан ортиғи республика миқёсидаги, 1 минг 270 нафардан ортиғи вилоят миқёсидаги ҳамда 13 минг нафардан ортиғи туман миқёсидаги мансабдор шахслар эканлиги прокуратура органларининг коррупцияга тоқатсизлик борасидаги фаолият кўлами қай даражада эканлигини кўрсатади.
2021 йилнинг ўтган 6 ойида 140 мингдан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳал этилиб, 23 мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шундай бўлсада, тан олиб айтиш керак, фақатгина прокуратуранинг бир ўзи қонунийликни тўлиқ таъминлай олмайди. Бу жараёнларда бошқа органлар ҳам, жамоатчилик ҳам фаол иштирок этиши керак. Назорат-текширув соҳаси ҳали ҳамон ислоҳотга муҳтож. Бу ўринда биз бугунги кунда республикадаги турли давлат бошқарув органлари таркибидаги 50 дан ортиқ назорат-текширув идораларини назарда тутаяпмиз. Уларнинг 10 дан ортиғи ўзлари текшириши керак бўлган вазирлик ва идораларга бўйсунади.
Бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда манфаатлар тўқнашуви ортидан қандайдир қонун бузилиш ҳолатлари келиб чиқади, деб қайд этилди вазир маърузасида.
- Табиийки, прокуратура органлари ҳар бир қадамни назорат қила олмайди, - дейди Адлия вазири. - Бунга ресурс етмайди. Қолаверса, ҳеч бир давлатда бундай ҳолат ҳам мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, назорат-текширув идоралари тизимини ислоҳ қилиб, прокуратура билан ҳамкорлигини самарали тарзда йўлга қўя олсак, бу қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан анчагина фойдали бўлади.
Адлия органлари ва прокуратура ўртасидаги ҳамкорлик анча мустаҳкамланган. Бугунги кунда 3 та кодекс, Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят ижроия кодеклари устида биргаликда иш олиб бораяпмиз.
Ер муносабатлари соҳасидаги Президент Фармони асосида ер бериш тартиблари ўзгарди. Ушбу фармон ижросини таъминлашда прокуратура органларига ҳам катта масъулият юкланган.
Н. Абдураимова, ЎзА