Адлия ташаббуси билан кутубхона бурчаги очилди
Инсон тафаккурини бойитиш, фикрлаш қобилиятини ўстириш, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ундовчи китоб мутолаасини ошириш йўлида адлия органлари томонидан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Наманган шаҳри давлат хизматлари маркази биносида “Зиё улаш” лойиҳаси доирасида кутубхона бурчаги ташкил этилди. Мазкур хайрли иш фуқаролар ва адлия идоралари ходимларига китоб мутолаа қилиш имкониятини яратиш ҳамда уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.


Кутубхонага таниқли сўз устаси Искандар Ҳамроқулов, “Овоз” республика болалар мусиқа танлови ғолиби Қодирхон Валиев, оғир атлетика бўйича икки карра жаҳон чемпиони, ўсмирлар ўртасида биринчи Олимпия ўйинлари ҳамда Осиё ўйинлари совриндори Адҳамжон Эргашев, бокс бўйича икки карра Осиё чемпиони Жасурбек Йўлдошев, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари раҳбарлари китоблар совға қилди.



Эзгу акция бошланиши муносабати билан, Наманган шаҳри адлия бўлими ходимлари томонидан Янги Аср маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларга бадиий ва сиёсий китоблар сайёр тартибда етказиб берилди. Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармасига қарашли Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан никоҳдан ўтаётган ёш келин-куёвларга ҳам китоб соға қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА