Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлиси бугун ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Ялпи мажлис “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокамаси билан бошланди.
Интеллектуал мулк объектларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлашга ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Аҳолига профессионал хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув аппаратини яратиш, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг тутган ўрни ва масъулиятини янада кучайтириш мақсадида Адлия вазирлигининг зиммасига интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.
Ушбу соҳадаги ислоҳотларни инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларни янада такомиллаштириш, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим тоифадаги давлат хизматларини кўрсатишда тақдим этиладиган имтиёзларни қонун даражасида мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қонун амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ишлаб чиқилган. Интеллектуал мулк ҳамда Давлат хизматлари агентликларининг вазифа, функция ва ваколатлари Адлия вазирлигига ўтказилганини инобатга олиб, вазирликнинг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун билан Божхона кодексига киритилаётган ўзгартириш орқали эндиликда экспорт режимида ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиниши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддати қисқартирилмоқда.
Адлия органларига интеллектуал мулк ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кучаяди. Ушбу соҳаларда самарали марказлаштирилган бошқарув тизими яратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА