Адлия кўмагида ўқитувчиларга устама ҳақи тўлаб берилмоқда
Андижон вилояти Марҳамат тумани адлия бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабулда тумандаги 27-, 39- ва 40- умумтаълим мактаблари ўқитувчилари устама пуллар тўланмаётганлигини билдириб мурожаат қилган.
Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори 4-қисми г-бандида таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиби бўлган ўқитувчилар лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланиши белгилаб қўйилган.
Ўрганиш давомида юқорида қайд этилган Президент қарори талабларига риоя этилмасдан 3 нафар ўқитувчига жами 163 миллион 66 минг 58 сўм миқдоридаги устама пуллар тўланмаганлиги аниқланиб, ушбу пулларни ундириш юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири номига тақдимнома киритилди.
– Бир неча бор мурожаат қилишимга қарамасдан масала ҳал бўлмасдан келаётган эди, – дейди Марҳамат туманидаги 27- умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Лолахон Тўйчиева. – Адлия идораси аралашувидан сўнг менга 54 миллион 735 минг 960 сўм устама пуллари тўлаб бериладиган бўлди. Бу каби хатога йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан қонунлар доирасида чоралар кўрилди.
Ўз вақтида фан олимпиадаси республика босқичи ғолиби бўлган ўқитувчилар олиши керак бўлган устама пуллари босқичма-босқич тўлаб берилмоқда.
Умуман, адлия идоралари ходимлари томонидан бу каби қонун бузилишларининг олдини олиш, қонунларда белгиланган тартиблар ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича масъул ва мутасаддилар ўртасида зарур тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА