Адлия идораларига жорий йил биринчи чорагида 32,6 минг мурожаат келиб тушган. Шу пайтгача уларнинг 77 фоизи қонуний ҳал этилди. 525,5 минг қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган ва уларни бартараф этиш бўйича 6,9 минг тақдимнома киритилди.
Натижада 2,5 минг нафар шахс маъмурий, 3,9 минг нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Шундан 184 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Судларга 38,7 миллиард сўмлик 3,3 минг даъво киритилди. Ҳозиргача 2,3 минг даъво қаноатлантирилди.
Адлия вазирлигининг ҳайъат йиғилишида шу каби рақамлар тилга олинди.
Видеконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда Адлия вазирлиги томонидан давлат ва жамият ҳаётининг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган 66 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 10 қонун, 13 Президент ва 36 Ҳукумат ҳужжати, идоравий норматив-ҳуқуқий 7 ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди. 641 қонун ҳужжати лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Идоравий норматив-ҳуқуқий 41 ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 115 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди. Ҳисобот даврида 241 нафар юридик хизмат ходими аттестациядан ўтказилди, 255 нафари малакасини оширди.
Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан 3,7 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “E-qaror” тизими ишлаб чиқилиб, синов тариқасида ишга туширилди.
Айни пайтда Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликларида ушбу электрон тизим жорий этилди. Ҳокимлик томонидан ҳужжатларни тайёрлашдан тортиб, ҳоким томонидан имзолангунга қадар бўлган жараён ушбу тизим орқали амалга оширилмоқда.
Шу пайтгача 1,2 мингдан ортиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари ушбу тизим орқали қабул қилинди.
Пандемия шароитидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланган ҳолда биринчи маротаба Жиззах вилояти адлия бошқармасида ўтказиладиган текширишлар янгича ёндашиш асосида масофадан туриб онлайн амалга оширилди.
Текшириш натижасини муҳокама қилишга бағишланган Жиззах вилояти адлия бошқармаси ҳайъат йиғилиши ҳам онлайн тарзда масофавий ўтказилди.
Мазкур амалиёт натижасида текширишларда шаффофлик ва холислик таъминланди. Коррупциявий хавфлар камайтирилди. Сафар харажатлари учун бюджет маблағлари иқтисод қилинди. Ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга эришилди.
Адлия органлари ва муассасаларида бу каби амалиётни давом эттириш белгилаб олинди.
Бундан ташқари, адлия органлари ва муассасалари томонидан аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш борасида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда айрим тизимли муаммолар мавжуд. Давлат хизматларини кўрсатишни янада оптималлаштириш лозим. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, халқ ичига кириб бориш зарур. Соҳани такомиллаштириш ва аҳолига қулайликлар яратишдаги муаммоларни ҳал этишда раҳбарларда шахсий ташаббус ва талабчанликни ошириш керак.
Ҳайъат мажлисида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директорининг ҳисоботи эшитилди. Бундан ташқари, Навоий ва Қашқадарё вилояти адлия бошқармалари бошлиқлари ҳам ахборот берди.
Амалиётдаги мавжуд муаммоларни яхшилаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни оммалаштириш бўйича ишлар қониқарсиз олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА