Бухоро вилояти адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2022 йилда 7 минг 422 та ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 6 минг 962 таси ҳал этилган. 1 618 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. 307 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Бу ҳақида Бухоро вилояти адлия бошқармасида 2022 йил якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вилоят адлия бошқарма бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Тойировнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 2 196 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 629 та таклиф ва 4 119 та огоҳнома киритилган. Киритилган таъсир чоралари натижасида айбдор шахсларнинг интизомий, маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланган.
[gallery-10404]
Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2022 йил давомида фуқаролар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга киритилган 2 840 та 45 миллиард 624 миллион 248 минг 339 сўмлик даво аризалари судлар томонидан қаноатлантирилган.
2022 йил мобайнида адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жами 373 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган. Уларнинг 266 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. 107 таси эса белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Бундан ташқари, ҳуқуқий хизматлар бўлими томонидан 2022 йилда профессионал медиаторлар реестрига кириш истагини билдириб вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган талабгорларнинг масаласи ижобий ҳал этилган.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан 45 минг 134 та туғилиш, 16 минг 208 та никоҳни қайд этиш, 2 минг 586 та никоҳдан ажраганлик, 9 минг 376 та ўлим қайд этилган. Бошқарма томонидан 1 минг 191 та норматив ҳуқуқий-ҳужжат тегишлилигига кўра электрон шаклда етказилиши таъминланган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА