Адлия бўлимининг янги биноси аҳоли хизматида
Навоий вилояти Ғозғон шаҳри адлия бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Шу куни илк хизмат кўрсатилиб ғозғонлик ёшлар никоҳдан ўтказилди.
Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида янги иншоотларни фойдаланишга топшириш анъанага айланган. Бу йил ҳам ана шу анъанага содиқ қолган ҳолда Навоий вилоятида Ғозғон шаҳар адлия бўлими биноси фойдаланишга топширилди.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида Навоий вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Ғайбулла Примов, Ғозғон шаҳар ҳокими Азим Бозоров, сектор раҳбарлари, адлия бошқармаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Замонавий меъморий ечимга эга бинода давлат хизматлари маркази, давлат нотариал идораси, ФҲДЁ бўлими, юридик хизмат кўрсатиш жойлашган.


Адлия бўлимида Ғозғон шаҳрининг 7 минг нафардан ортиқ аҳолисига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд бўлиб, хизматлар электрон навбат орқали йўлга қўйилган. 5 та хизмат кўрсатиш ойнасида фуқароларга 300 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилади.
А.Бўриев,
ЎзА