Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Поштон ва Ҳилол оилавий шифокорлик пунктларида умумий амалиёт шифокори вазифасида ишлаб келаётган фуқаролар А.Отамуродов, А.Турдиқулова ва Д.Амирқулова туман адлия бўлимига устама пуллари тўлаб берилмаётгани юзасидан мурожаат қилди.
Аниқланишича, фуқаролар Қарши туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тумандан олис ҳудудларда жойлашган Поштон ва Ҳилол ОШПда умумий амалиёт шифокори вазифасида ишлаб келган, аммо туман тиббиёт бирлашмаси томонидан уларнинг ойлик иш ҳақига қўшимча ҳар ойлик устама пуллари тўлаб берилмаган.
Таъкидлаш лозимки, Президентнинг тегишли қарорига асосан 2022 йил 1 июлдан бошлаб олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама пуллари тўлаб берилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 510-сонли қарорига асосан Қарши туманидаги “Поштон” ва “Ҳилол” МФЙдаги бирламчи тиббий-санитария муассасалари шифокорлари ойлик иш ҳақига қўшимча ҳар ойлик устама тўланадиган олис ва чекка ҳудудлар рўйхатига киритилган. Шундай бўлсада, Поштон ОШП шифокори А.Отамуродов, Ҳилол ОШП шифокорлари Д.Амирқулова ва А.Турдиқуловнинг ҳар бирига 2022 йил 1 июлдан бошлаб ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама жами 44 миллион сўмдан 136 миллион сўм тўланмасдан келинганлиги аниқланди.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, Қарши туман адлия бўлими томонидан фуқаролар манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан жами 136 миллион сўм устама пуллари ходимлар фойдасига ундириб берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири