Адирликда тутзор барпо қилган бобо
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, республикамиздаги ҳудудий «Агропилла» МЧЖларга тут уруғлари ва кўчатларини тайёрловчи хўжаликларни ташкил этиш учун камида 30 гектардан суғориладиган ер майдони ажратиш белгилаган.
Шунга кўра, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги тут уруғи ва кўчатчилигига ихтисослашган "Ипак" фермер хўжалиги раҳбари Абдулфаттоҳ бобо Мусулмонқуловга ҳам аввал 28, кейинроқ эса яна 2 гектар ер майдони ажратиб берилди. Аммо кейинги берилган 2 гектар ер шўр, сув чиқмайдиган, экин экса униб чиқиши даргумон бўлган адирликлардан иборат эди.

Абдулфаттоҳ бобо фарзандлари, шогирдлари ва ишчиларини ёнига олиб, аввал ерни экин экишга тайёрлади. Кейин сув ва ўғитга тўйинтирди ҳамда жорий йилнинг 13 февралида 28 минг туп тут кўчатини экиб, парваришлади.
“Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деганларидек, бобо меҳнатига яраша ўз мақсадига эришди. Адирликда гуркираган тутзор барпо қилди.

Абдулфаттоҳ бобо умр йўлдоши Мунаввархон момо билан 6 фарзандни вояга етказди. Ҳозирда улар 15 нафар неваранинг севимли бобо ва бувиси. Уларга ҳам кўчатчиликнинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
– Кўчатчилик билан 20 йилдан буён шуғулланиб келаман, – дейди Абдулфаттоҳ бобо. – Тўрт нафар ўғлим ҳам шу соҳада фаолият юритади. Шу вақтгача Андижон ва республикамизнинг бошқа вилоятларини тут кўчати билан таъминлаб келяпмиз. Яқин 5 йилдан буён эса қўшни Қозоғистонга ҳам экспорт қилиб келяпмиз.

Маълумотларга кўра, жорий йил баҳор мавсумида 67,5 миллион туп тут кўчатлари экилди. Шундан якка қаторга 34 миллион туп тут кўчатлари экилиб, жами якка қатор тут дарахтлари 119,5 миллион тупга ҳамда 2 727,6 гектар янги тутзор барпо этилиб, жами тутзорлар 53 минг гектарга етказилди.
Шунингдек, 3 214 гектар яроқсиз тутзорлар реконструкция қилинга.
Бугунги кунга қадар 20,2 миллион туп якка қатор тут дарахтлари ва 4 137,5 гектар тутзорларга “Тут парвонаси” зараркунандасига қарши кимёвий ишлов бериш ишлари амалга оширилди.
Тутчиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан 1 220 килограмм тут уруғлари тайёрланди. Куз мавсумида экиш учун тайёрланган тут кўчатлари
тутчилик хўжаликларида 33,1 миллион туп, пиллани қайта ишлаш корхоналарининг ер майдонларида 21, 4 миллион туп ва аҳоли томорқа ерларида 19,5 миллион туп, жами 74,0 миллион туп тут кўчати ва ниҳоллари етиштирилмоқда.
Мазкур тутзорларни кенгайтиришда Абдулфаттоҳ бобо каби меҳнатсевар инсонлар, ёшу қари биргаликда меҳнат қилмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА