Адирликда тут плантациялари барпо этилмоқда
Кейинги йилларда мамлакатимизда қисқа муддатда даромад олиш имконини берувчи пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, жорий йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш, пиллачиликни ривожлантириш, хусусан, тут плантациялари ташкил этиш юзасидан ҳам қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, пиллачиликнинг озуқа базасини янада ривожлантириш мақсадида Андижон вилоятида қайта ишлашга ажратилган жами 5 минг 71 гектар майдонда тут плантациялари ташкил этиш режалаштирилди. Пиллачиликда озуқа база мустаҳкам бўлсагина, пилладан юқори ҳосил олинади, кўзланган натижага эришилади. Шу маънода вилоятда тутзорлар ташкил этиш бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда. Андижон вилоятида барпо этиладиган тутзорларнинг салмоқли қисми, аниқроғи 720 гектари Марҳамат тумани ҳиссасига тўғри келади. Айни кунларда пиллачилик кластерлари томонидан туманнинг Й.Охунбобоев массиви адирликларида янги тут плантацияларини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
[gallery-11154]
Қисқа фурсатда адирликнинг 100 гектар майдонига 500 минг тупдан зиёд озуқабоп тут кўчатлари ўтқазилади. Албатта, тутзорларни кенгайтириш, ипак қурти боқиш ва пилла етиштириш, қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиради.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА