Адиблар талаба-ёшлар билан учрашди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талаба-ёшларнинг китоб мутолааси маданиятини ривожлантириш, бадиий саводхонлигини ошириш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида адиблар билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини кучайтириш, китобхонлик маданиятини мустаҳкамлаш, ижодий фикрлашни ривожлантириш ва уларни маънавий баркамоллик сари йўналтириш борасида қилинаётган ишлар хусусида сўз борди.
Адиблар томонидан адабиётнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни, ижод жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда замонавий адабий тенденциялар юзасидан маърузалар тақдим этилди.
Шунингдек, талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг саволларига жавоб берилди. Ёш ижодкорлар учун “Ижодий маҳорат дарси” ҳам ташкил этилди.
Тадбир якунида адибларга университет раҳбарияти томонидан миннатдорлик билдирилиб, фаол иштирок этган талабаларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА