Адашмай яшаш учун яна бир имконият
Президентимиз фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди.
Давлатимизнинг бағрикенглик, кечиримлилик,инсонпарварлик фазилатларидан баҳраманд бўлганлар орасида ўнга яқин сурхондарёлик маҳкум ва маҳкума ҳам бор. Уларнинг 5 нафари асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди. Икки нафарининг ўталмаган жазоси 1/2 қисмига, икки нафариники 1/3 қисмига қисқартирилди.
Сариосиё туманида яшаган Мамлакат Бабаева олтмиш ёш остонасида ўта қалтис жиноятга қўл урган. 2015 йил Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. У тайинланган жазонинг етти йилини панжара ортида ўтказгач, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлди. Қатьий тузалиш йўлига ўтди. Давлатимиз раҳбари фармони билан асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди.
Деновлик Мўътабар Мелигалиева ҳам асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Ўтган йили у Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазо муддатининг бир йилу олти ойини ўтагач, қилмишлари афв этилди. Яқинлари бағрига қайтди.
–Кеч бўлсада содир этган қилмишимдан жуда пушаймон бўлдим, – дейди М.Мелигалиева.– Бу жазо менга озодликда турмуш кечириб, ҳалол яшашнинг катта бойлик эканини чуқур англашим учун етарли сабоқ бўлди. Энди жамиятга нафи тегадиган ишлар билан шуғулланиб, фарзандларимни юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялашга интиламан. Кечиримли ва бағрикенг халқимиз орасида адашмай яшайман.
Икки йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ва 251-1-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган денов туманилик Олим Муратов, шу туманда яшаб, Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жинояти учун ўтган йил декабрь ойида 4 йилга озодликдан маҳрум этилган Шерали Кенжаев, ўтган йили Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида белгиланган жиноятни содир этишда айбланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Ҳасан Карвановлар ҳам асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди.
Айни пайтда афв этилган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таьминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятга мослашиши учун тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА