Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори, академик Қаландар Абдураҳмонов, институт профессори, файласуф олим Қиёмиддин Назаров ва бошқалар миллий адабиётимиз ривожида устоз шоир Абдулла Ориповнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.
– Наврўз байрами билан Абдулла Орипов таваллудига ўзига хос рамзийлик бор, –-деди Акмал Саидов. – Негаки, Абдулла Орипов миллий адабиётимизга Наврўз руҳиятини олиб кирди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлашга оид ташаббуси шоирнинг шахсиятига, ижодига бўлган юксак эътиборнинг амалий кўринишидир. Абдулла ака депутат, сенатор сифатида фаолият кўрсатганларида Қашқадарёга хизмат сафари билан жуда кўп марта бирга борганмиз. Сафар ижодий учрашувларга, адабиёт байрамларига айланиб кетарди. Мухлисларнинг шоирга бўлган эътибори, эҳтироми чексиз экани бу учрашувларда яна бир карра намоён бўларди.
–- Абдулла Орипов Ўзбекистон давлат мадҳияси шеърининг муаллифидир, – деди Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори Қаландар Абдураҳмонов. – Халқимиз ўзлигини намоён этувчи бу гўзал асар жаҳоннинг турли мамлакатларида қайта-қайта янграмоқда. Фикримча, ҳеч кимнинг шеърлари Абдулла Орипов ижодичалик кўп ўқилмайди. Абдулла Ориповнинг оддийлиги, халқимизга меҳри баландлиги, қалби кенглиги, аллома ижодкор эканини эҳтиром билан ёдга оламиз.
Хотира тадбирида Акмал Саидов, Қаландар Абдураҳмонов, Ғулом Мирзо ҳаммуаллифлигида "Академнашр" нашриётида чоп этилган "Ўзбекистон – дилбар ватаним" китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Китоб устоз шоир ҳаёти ва ижоди, фаолияти билан боғлиқ ёрқин хотираларга бойлиги билан аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова, ЎзА