Адабиётимиздаги ростгўйлик тимсоли
Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир адабиётшунос олим, ҳақгўй ва тўғри сўз устоз Озод Шарафиддинов таваллудига 93 йил тўлди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”даги Озод Шарафиддинов ҳайкали пойида моҳир мунаққид ижодига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Озод домланинг ўғли, ҳуқуқшунос олим Алишер Шарафиддинов устознинг ижоди, матонати, ҳаёт йўли ҳақида батафсил сўз юритдилар.
– Отам умриларининг энг сўнгги дамларида “Ойбек домла тушимга кирдилар, улар ҳақида мукаммал мақола ёзиш ниятим бор”, деб жазм этдилар, – дея хотирлайди Алишер Шарафиддинов. – Саломатликлари, умуман аҳволлари ниҳоятда оғир бўлишига қарамай “Миллатни уйғотган адиб” сарлавҳали залворли мақола ёздилар. Уни қайта-қайта бир неча марта ёзганлари ижодга бўлган масъулият, ўз-ўзига бўлган талабчанликдан дарак беради. Умуман, отам одамларни яхшилик томонга ўзгартирадиган мукаммал ижод тарафдори эдилар.
[gallery-5951]
Дарҳақиқат, Озод Шарафиддинов миллий адабиётимизнинг уйғоқ виждони эдилар. Устоз адабий асарлар, умуман, адабий жараённи маҳорат билан таҳлил этиш, ташхис қўйиш баробарида кўплаб мукаммал асарларни ҳам китобхонларга тақдим этган фидойи ижодкордир.
– Қатағон бўлган ижодкорларнинг номини тиклаш, уларнинг ижодини ўрганиш, тарғиб этиш Озод Шарафиддинов ижодида устувор аҳамият касб этарди, – деди шоир Рустам Мусурмон. – Озод домла миллатнинг устозига айланган инсон эдилар, десак янглишмаймиз. Янги Ўзбекистон пойдеворини яратиш жараёнида Озод аканинг ҳақгўй асарлари, сўзлари, жасоратли ижоди ғоят катта аҳамият касб этади.
Озод Шарафиддиновнинг “Замон. Қалб. Поэзия”, “Тирик сатрлар”, “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар”, “Домлалар” каби кўплаб асарлари, адабиётшуносликка оид мақолалари, мукаммал таржималари ижоднинг юксак намунасидир. Бу асарлар яқин даврнинг сиёсий, ижтимоий, тарихий ҳолати, ижодкорларнинг ҳаёти, фаолияти, инсоний фаолияти, олимнинг қарашлари, ҳаётий позицияси, ҳар бир ҳолатга, воқеликка ҳақгўйлик билан ёндошганини яна бир карра намоён этади.
Тадбирда Озод Шарафиддинов ижоди, маънавий жасоратга тўла ҳаёти ҳақида батафсил сўз юритилди. Устоз ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири