Адабиёт халқларни бирлаштиради
Грециянинг “Polismagazino” адабий нашрида ўзбек адибаси Муҳаббат Йўлдошеванинг “Куз ёмғири”, “Камалак” ва “Юлдузлар” номли шеърлари чоп этилди.
Муҳаббат Йўлдошева салкам ярим аср муқаддам ўзбек адабиётига фантаст-ёзувчи сифатида кириб келган бўлса-да, унинг ижодида салмоқли ўринни болаларга аталган асарлар эгаллайди. Ҳозирги кунда адиба 35 та китоблар муаллифи бўлиб, унинг ҳикоя, эртак ва шеърлари 11 та хорижий тилларга таржима қилиниб, дунёдаги ўндан ошиқ мамлакатларда чоп этилган.
Бир қанча обрўли танловларда энг юқори ўринларни эгаллаган адибанинг асарлари кўплаб антологияларга киритилган. Муҳаббат Йўлдошева 400 га яқин бадиий фильм ва мультфильмларни, 20 дан ошиқ телесериалларни ўзбек тилига таржима қилган.
Айни пайтда Муҳаббат Йўлдошева ўзбек адабиётини хорижий давлатларда тарғиб этиш билан шуғулланмоқда. У 20 нафар ўзбек адибларининг асарларини рус тилига таржима қилиб, уларнинг Россия, Донецк Халқ Республикаси, Қозоғистон, Қрим Республикаси, АҚШ, Бельгия, Покистон, Ҳиндистон, Миср каби хорижий давлатлардаги адабий журналларда нашр этилишига ҳисса қўшган.
– Адабиёт халқларни бирлаштиради, кўнгилларни кўнгилларга пайванд қилади, – дейди Муҳаббат Йўлдошева. – Афсонавор юрт Грецияда асарларим нашр этилиши мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки қадимги юнонларнинг афсона ва мифларини ўқиб улғайганман. Фантастика жанрида асарлар ёзишимга уларнинг ҳиссаси бор, албатта.
ЎзА