Адабиёт ва маънавият бир-бири билан бевосита боғлиқ йўналишлар. Президентимиз ташаббуси асосида Жиззах вилоятида бўлиб ўтаётган ёш ижодкорларнинг Зомин семинари доирасида халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда адабиётнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида маънавият масаласига устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Анжуманда эътироф этилганидек, бугунги мураккаб глобаллашув даврида навқирон авлод онгини турли мафкуравий, ғоявий хуружлардан ишончли тарзда ҳимоя қилиш барча ижодкор зиёлилар, шу жумладан, ёзувчи ва шоирлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.
[gallery-24216]
Зеро, давлатимиз раҳбари болалар учун ишончли, фойдали, мазмунли, сифатли миллий контентни яратиш масаласи долзарб аҳамият касб этиши хусусида тўхталган эди. Айни пайтда бу йўналишда кўплаб илғор амалий ташаббуслар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.
Эътироф этилганидек, болалар онгини зарарли ахборот хуружларидан ҳимоялашда бадиий баркамол, пишиқ-пухта ва юксак савияли асарларнинг ўрни беқиёс. Бу эса маънавият тарғиботчилари билан бирга, ёзувчи ва шоирлар, ёш ижодкорлар зиммасига улкан ва залворли вазифаларни юклайди.
Тадбирда миллий маънавиятимизни асраб-авайлаш, бадиий адабиёт соҳасидаги китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди
Н.Усмонова,
Жамшид Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари