Адабиётшунос олим Баҳодир Карим билан суҳбат

Ўзбек романчилигининг асосчиси бўлмиш Абдулла Қодирий ижодини чуқур ўргангансиз. Баъзан менга Қодирий билан бошланган ўзбек романчилиги унинг ўзи билан якун топгандай туюлади. Албатта, кўп романлар ёзилди, улар орасида яхшилари ҳам бор, аммо ҳеч бири “Ўткан кунлар” каби довруғ қозонмади. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

– Тўғри, Абдулла Қодирий ижоди билан чорак асрдан бери шуғулланиб келаман, “Қодирий қадри”, “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур”, “Ўткан кунлар” ибрати”, “Абдулла Қодирий феномени” каби бир нечта китобларим чоп этилди. Турли авлодга мансуб олимлар менгача ҳам бу аллома адиб асарларини тадқиқ этишди. Китоблар нашр қилдиришди. Қодирийшунослик тарихи бир асрдан ошди. Бу илмий йўналиш тарихи марказида адибнинг сиз айтган “Ўткан кунлар” романи туради. Халқимизнинг, ўқувчиларнинг меҳр-муҳаббати бошқача шу биринчи романимизга. Назаримда, Абдулла Қодирий бу асарини чин юракдан, бирор таъмасиз меҳр-муҳаббат ва илҳом билан ёзган бўлса керакки, ўқиганларни ўзига ром этади, таъсирлантиради, йиғлатади, ўйлантиради. Ўз вақтида романни ёд олган мухлислар ҳам бор эди. Шукрким, романчилигимиз тарихида “Ўткан кунлар” мавжуд. Роман – фикр майдони. Айни асар воситасида миллий тарих ва урф-одатлар, адиб маҳорати ва ўзбек тилининг жозибаси, турли одамларнинг тақдирлари, энг муҳими, инсон қалбидаги бир дурри бебаҳо – ишқ-муҳаббат каби тушунчалар устида мулоҳаза юритилади. Ўзбек романининг бошланиши ва туганчини “Ўткан кунлар”га боғлаб қўйилса, биз ўзимиздаги истеъдодларни бир оз камситган бўламиз. Бу ўткинчи оламда одам бағрикенглик қилиб, йўлларни кенгроқ олавергани маъқул. Сабаби – ҳар қандай адиб Яратгувчи унга ато этган поэтик тафаккур имконияти, бадиий қобилиятидан ташқарида ижод қила билмайди. Ҳозиргача ёзилган ўзбек романлари сони беш юздан ортиқ. Улар орасида дунёга келибоқ, ўз умрини яшаб тугатиб қўйганлари, муаллифи ҳимояси ёки ҳукмрон мафкура суянчи билан яшаганлари ҳам бор, афсус. Умарбоқий бадиий асарнинг умуртқа суяги бутун бўлиши лозим... Айни дамда ўзбек адабиёти хазинасидан ўрин олишга муносиб бир қанча романлар борлигини инкор этиш “ўзини ювинтирган мағзавага қўшиб чақалоқни ҳам улоқтириш” бўлади. Романларнинг бадиияти, сири, сеҳри, жозибаси, қурилиши, қамрови ва шу каби қатор адабий-назарий унсурларнинг даражалари турлича. “Ўткан кунлар” романининг умрбоқийлик сабаблари ҳозиргача изоҳланди ва келажакда яна шарҳланади-изоҳланади. Аммо чин санъат намунаси бўлган асарларда доимо шу ҳол – талқинлар охирига етмайди. Кечирасиз-у, романни ўз замонида танқид қилганлар бор эди. Адиб романларидан нуқсон-камчилик излаб юрганлар бугун ҳам топилади. Бу ажабланарли ҳолмас. “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, Ким нени изласа, топар бегумон”, дейди шоир. Абдулла Қодирий романи жозибасига кўра изоҳ, таҳлил ва талқинларга мухтожлиги билан ўзига хос бетакрор санъат ҳодисаси саналади. Романдан таъсирланган одам борки, мақолами, таассуротми, бағишловми ёки мактубми – нимадир ёзади, албатта. Бундай адабий ҳосилалар ҳажми ҳам жуда катта. Роман даврлар, давралар синови ва авлодлар назаридан ўтди. Ўқувчилар меҳрини қозонди. Ана, лозим бўлса, олис-яқин дунё халқлари тилларига таржима бўлди ва бу жараён давом этмоқда. Дунё адабиётшунослари орасида ҳам қодирийшунослар майдонга келди. Яна нима керак? Юз йилки, ҳар бир авлод “Ўткан кунлар” романидан ўзларининг эҳтиёжларига муносиб маънавий озуқа топишди. Бундан кейин ҳам нафақат ўзбек, балки дунёдаги кўплаб маърифатталаб адабиёт муҳиблари романни ўқиб, албатта, завқланишади, деб ўйлайман. Талқинлар ҳам ёзишади. Кечирасиз, гарчанд ўзим қисқа гапириш ва қисқа ёзиш тарафдори бўлсам ҳам, айни мавзу ўртага келганида гапим тугаши қийинлашади...

Бир пайтлар ижодкорлар адабий танқидчиларнинг ўткир, талабчан нигоҳидан ҳайиққани учун ҳам сўзга эҳтиёткорона муносабатда бўлишган. Янги ёзган асарини эълон қилишдан олдин унга Абдулла Қаҳҳорнинг ёки Норбой Худойбергановнинг кўзойнаги билан боқиб, қайта ўқиб чиқишган. Бугун эса, сир эмаски, кўпчилик адабиётшунослар фақат мақтов ёғдирадиган ҳайбаракаллачилардан жуда оз фарқ қилаяпти, онда-сондагина хаспўшлаб ёзилган танқидларга кўзимиз тушади, холос. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Замон эврилди. Дунё харитасидаги ҳудудлар ўзгарди. Бадиий ижод аҳлига мажбуран мавзулар тақсимлаб берилган ва унинг устида юритилган адабий сиёсат карчалонларининг зуғумлари даври тарихга айланди. Истайсизми-йўқми, мустабид тузум даври сўз санъати ва унинг найзабардорлари ҳам анча сиёсийлашган, қарашлар ягона бир махражга мажбуран жамланган, сунъий байналмилалчилик авж олган, барча миллатларга ибрат бўлган битта улуғ халқ борлигига ҳамма ишонтирилган замонлар эди. Ижодкор ўз эрки билан юрагини ёзиши деярли имконсиз эди. У замонларда қатиқ ҳам пуфлаб ичилди. Биз бу ҳодисаларга қисман бўлса-да гувоҳмиз. Бадиий тафаккур шундай симбирғи-исканжа ичида қолган даврларда ҳам тошни ёриб чиққан майсадек ноёб истеъдодлар, виждонли ва талабчан олимлар ўз зиммасидаги зиёлилик бурчини чин дилдан бажарди. Янги ёзилган асар эълон қилиш учун бизда бир нечтагина вақтли матбуот нашрлари бор эди. Ёшлар учун алоҳида. Дейлик, 80-йиллар ўрталаридан бошлаб “Ёшлик” журналида ёш ижодкорнинг бирор саҳифа шеъри ёки бирор ҳикоясининг нашр бўлиши – бу катта байрам эди. Давраларда гапирилиб, муҳокамалар қилиниб, баҳоси берилар эди. Агар жиндай камчилиги бўлса, айни асарлар китобларга киритилганида ўша нуқсонлар имкони борича тузатилар эди. Бир неча ўн йиллар нарида сўзга талабчанлик билан ёндашув, матн устида ишлаш, таҳрирда чинакам устоз-шогирдлик, олий таълимдаги таҳсилдан ташқари нималарнидир ўрганиш ва ўргатиш жараёнлари мавжуд эди. Шундай сабоқларни, тўғриси, мен ҳам олганман. Яқинда 90-йиллардаги архив манбаларим орасидан “ЎзАС”да босилган бир мақоламнинг, раҳматлик, Маҳмуд Саъдий мен билан ёнма-ён ўтириб таҳрир қилган нусхаси чиқиб қолди. Ҳозирги гапларим ҳам шунинг таъсиридан бўлса керак. Бугун сўз устида, адабий мант устида ишлаш қониқарли эмас. Бугун ёзади ва дарҳол ўз шахсий-адабий ўзан(канал)ига жойлайди. Кимнинг қўлида ўрон(парол)и бўлса, ўша адабий маконга кириб мутолаа қилади. Бирор жумла муносабат ёзади ёки аломат-белги иловаси билан чекланади. Бадиий адабиётнинг ҳоли ва адабий танқид истиқболи шу каби янги замон ҳодисаларига ҳам боғлиқ...

Мунаққид сифатида Норбой Худойбергановни эслаб, яхши қилдингиз. Бу олим аёвсиз, кечирасиз, талабчан бўлгани, бировнинг юзи-кўзига қарамай ўз ҳақиқатларини айтгани – бу бор гап. Ҳар ҳолда, кўпчиликда шундай тасаввур шаклланган. Домла бизга университетда адабий танқид тарихидан таълим берди. Бизга кўп яхшиликлар қилди. Аммо домла айнан шарткесарлиги боис кўпчиликка ёқмади. Танқид эшитган адиб, табиий хафа бўлади, унга зимдан куйикиб юрган бошқа бир қирғоқдаги адиб “рақиби” танқидидан мамнун бўлади ва мунаққидни қарсакларга кўмади.

Тўғриси, бугун ўзини мунаққид атайдиган ва келгусида шу соҳа билан машғул бўлишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйган ёшларни топиш жуда қийин иш. Нимага? Танқид ҳеч кимга ёқмайди. Иккинчидан, танқидчи дегани бу тинимсиз тошдай сўзбўронлар ёғдириб, найзабардорлик билан ижод аҳлига йўл-йўриқ кўрсатади, ақл ўргатади, дегани эмас. Адабий танқид – жуда муҳим ижод. Бунда эстетик дид, таҳлил, баҳо бериш, бадиий асарнинг гўзаллигини кўрсатиш етакчи ўринда туради. Бадиий ва илмий-назарий асарларнинг жиддий мутолааси, муҳокамалари, синтез ва анализлари ортидан мунаққиднинг адабий-назарий мезонлари шаклланади. Агар бугун кўпчиликнинг адабий танқидчиликдан кўнгли тўлмаётган экан, демак, шаклланишда нуқсон, кемтик бор. Бадиий ижод аҳли ёзиш билан андармон. Ўқувчи ўқиётган бўлса, нур устига нур. Ёзилган асар зўр, ажойиб, ҳар томондан ибратли. Айнан шуни ўқувчи ўқимаса-чи? “Ўқинглар, азизларим”, деб айтиш ҳам адабий танқиднинг бир вазифаси.

Сиз саволда адабий жараён ходимларини мунаққид ёки танқидчи деб атамасдан адабиётшунос демоқдасиз. Адабиётшунос дейиш танқидчи деганга нисбатан жиндай юмшоқ, нафосатлига ўхшаб кўринади. Ҳа, адабиётшунос олимларнинг кўпчилиги мақтов ёзади. Буни мен ҳам биламан. Бунда ҳам баъзан холис адабий хизматдан кўра “ижодкор танишининг кўнглига қараш” ёки қандайдир бир манфаат бор. Шахсий, маҳаллий, моддий манфаатлар кучайган муҳитда бадиий адабиётнинг шўри қурийди. Адабий жараён учун ҳодисага арзимайдиган кимдир ёзган дарак гапларидан иборат иншоси учун адабиётшуноснинг таҳлили ёки тақризи биров тушунмайдиган жимжимадор, қандайдир ажнабий атамалар билан безатилиб, қанчалар осмону фалакка кўтарилмасин, мавсумий қор-ёмғирлардан кейин чанг-тўзон босилади. Лойқаланган сув ҳам тиниб, тинчиб қолади. ХХ аср адабиётида бунга мисоллар кўп.

– Юракдан чиққан сўз юраккача етиб боради, дейдилар. Фикр, дард худди йирингли ярадай руҳни ёриб чиқиб сўзга айланса, айтмаганингга, ёзмаганингга қўймасагина қўлга қалам олиш керакдай. Бошқачароқ ифода этсам, ижодкор ичидаги дардлар, фикрлар, сўзлар бўронидан халос бўлиш, жон сақлаш учун ёзиши керакдай. Буюртма мақолалар, сўзбошилар, сўнгсўзлар ҳақида нима дейсиз?

– Қани шу покиза, ораста, холис, жўшқин, ҳақгўй ижодкор юрак? Қани?! Ёзиш дарди, ёзиш вақти, ёзиш психологияси – адабиётшуносликдаги алоҳида ва жуда муҳим мавзу. Мен дунёга машҳур файласуф адабиётшунос Игор Гариннинг икки жилдлик “Шоирлар ва элчилар” китобини яхши кўраман. Адабиётшунослар ўрганиб қолган анъанавий қолиплардан холи, ғалати, нисбатан мураккаб бир услубда ёзилган китоб. Сўзбошиси айнан “Қандай ёзмоқ керак?” деб номланади. Ёзишнинг жуда кўп қирраларини, жуда кўп сифатлари, фазилатлари, машаққатлари, усуллари, изтироблари баёнидан кейин, сиз айтгандай “Ёзмасдан илож қолмаган паллада ёзмоқ керак”, деган бир гапни қўшимча қилади у. Бадиий ижоднинг табиати жуда мураккаб, тайёр босмақолип-стериотипларга тушмайди. Ҳар ижодкор алоҳида маънавий мамлакатда истиқомат қилади. Ижод жараёни ҳар кимда турлича кечади. Ижод жараёни, мақсадлари, режалари, ниятлари ижроси ўзаро мос келмаган ижодкорлар бир-бирини кўпинча ёқтирмайди, баъзан танқид ҳам қилади. Гўё бу ҳасадга ўхшайди, аслида уларнинг эстетик дидлари, дунёқарашлари, воқеликни қабул қилишлари турлича бўлади... Ҳа, И.Гётенинг ўз эътирофига кўра “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини айнан тирик қолиш учун ёзган эди. Изтироб, дард, ички туғён, қувонч, алам ва яна сиз билан биз номларини билмайдаган бир қанча сирли ҳис-туйғу, гизли кечинмалар борки, бадиий ижод аҳли гоҳида нима қилаётганини ўзлари ҳам билмай қолади. Бундай телбавор-даврешсифатликда латофат ҳам йўқ эмас. Ўзлари қандай юмуш билан машғул бўлиб юрган, ижодидан кимга фойда-кимга зарарли эканини жуда яхши биладиган аллома адиблар ҳам бор... Умрини елга совуриб юрган иддаогўйлари қанча...

Бадиий ижод ғалати ҳодиса. Уни ҳақ сўз, кўркам сўз дардига мубтало бўлганлар билади, англайди, сезади.

Энди сиз айтган адабий мақолалар, сўзбошилар ва сўнгсўзлар бадиий ижодга нисбатан алоҳида воқелик. Бадиий ижодда таъсирли, маънили махсус адабий матн сўздан бунёд бўлади. Мақоланавис, сўнгсўзчи шу матн қамровида, баъзан устида ишлайди. Унинг қўлида аниқ ёзма манба бўлади. Бу ёзма манбанинг бадиий хусусиятлари, ғоявий мақсади, ёзувчининг маҳорат қирралари имкон қадар баён этилиши керак. Аслида сиз айтган бу мақолалар ҳам ижодкорликни, тассаввур кенгликларини, билимни талаб этади. Бадиий асар тўғрисида ёзиш учун адабиёт қоидаларини, адабий-назарий қонуниятларни билмоқ керак. Асарлардан кўчирилган парчалар ёки улуғлардан олинган “деди-дедилар” билан бу соҳа талабини қондириб бўлмайди. Бирор муҳаррир ёки ноширнинг илтимос-сўрови мақоланавис қалб майлига мос келса, буни “буюртма мақола” деб аташ, эҳтимол, шартмасдир. Аммо олим ўзи хоҳламаган китобларга сўзбоши ёки тақриз ёзса, табиийки, бундай баёнда самимийликдан кўра сохталик – оқ доғлар сезилиб қолиши мумкин. Зукко ўқувчи дарров бунинг баҳосини беради.

Хўп, нима десам экан. Сал қалтисроқ гап.

Шундай кунлар келадики, назаримда, мақола буюртма бўлса-ю, уни мақоланависнинг айнан ўзи ёзса, ноёб фазилат саналиб, дўппи осмонга отилади ҳали. Чунки ўз асари ҳақида ўзи мақтов мақола ёзиб, бирор илмий даражали манқага имзолатиб эълон қилиб, ўзини ўзи тарғиб этиб юрган уддабуррон ёзғувчилар, афсуски, баъзан учрар экан. Шунинг учун ҳар қандай ижод соҳасида тўғрилик, ҳақиқат, поклик, холислик, тафаккур, уйғоқ виждон ва тоза иймон устувор бўлмоғи лозим, деб ҳисоблайман. Бундай кўнгилга тегишли, кўнгил майлига муносиб ёзилган асар эса ҳамма замонларда ўз тириклиги билан одамлар эътиборини тортади.

Сизнингча, шоир ёки ёзувчи исмининг элга танилишида, адабиёт тарихи саҳифаларига муҳрланишида адабиётшуносларнинг нечоғлик ўрни бор? Қоронғи осмон бағрида порлаб турган ой ёки юлдузни, кимдир қўли билан кўрсатиб таништирмаса ҳам одамлар ўзи кўриб олмасмикан?

– Юқоридаги саволларнинг жавоби чўзилди. Келинг, буниси қисқа бўлсин. Бадиий асарнинг санъат ҳодисасига дахлдорлиги муҳим. Ой ёки юлдузга ўхшатишингиз, мени ортиқча қийнамай, саволга ўзингиз ўринли жавоб берганингизни ҳам кўрсатиб турибди.

“Руҳият алифбоси” номли китобингиз сўзбошисида ярим ҳазил, ярим чин маънода ёзмасликни ҳам машқ қилиб туриш кераклиги ҳақида гапириб ўтгансиз. Шу фикрингизни кенгроқ изоҳлаб бера оласизми?

– Шу китобим яхши, мени уялтирмайди... Йигирма беш йил давомида ёзганларимни жиддий саралаб, ўйлаб-ўйлаб, ўзига хос структураси-таркибини топдим, мақолаларимни умумий хусусиятига кўра бешта фаслда жамладим. Фаслларни алоҳида номлаб, уларнинг ҳар бирига еттитадан мақола жойладим. Шоирлар шеърий туркумларини китоб қилишларида таркиб-структурасига диққат қаратишади. Мен адабиётшунослар ҳам китоблари нашрида ўз олдиларига махсус талаблар қўйиши ва ўзларининг индивидуал “девон”чилиги бўлиши лозим, деб ўйлайман.

Сўзбошида сиз айтган гапни ёзганман. Баъзи адабий анжуманларда сўз беришса, қутулиш учун бошқача ифодасини ҳам айтаман: “Кейинги пайтларда жим ўтиришни машқ қилиб юрибман”. Тўғриси, давраларда жим ўтириш бўйича ҳам устозлардан сабоқ олдим. Хусусан, ҳали охиригача ўқилмаган китоблар ҳақида сукут сақламоқ керак. Университетда таълим берган муаллимларим орасида шундайлари бор эди. “Ёзмасликни машқ қилишим” – бу гап ҳам ҳаётий ҳақиқат. Тинимсиз керакли ва кераксиз навбатчи мақолалар ёзадиганларни кўрганимдан кейин одам ёзиш машқларини ўрганиб, бу йўлда тажриба орттиргандан кейин ёзмасликка ҳам ҳаракат қилиб кўриши керак, деган фикр пайдо бўлди. Бу гап юқорида айтилган ёзиш ва ёзмаслик масалалари билан уйғун келади. Иккинчидан, Лев Толстойнинг адабий, ҳаётий қарашлари менга ёқади. Унинг ўзига замондош бўлган бир ижодкорга қарата мазмунан: “Сен бир асарни ўйладинг, унинг боши, охири, қаҳрамонлари – ҳаммаси пишиб етилди. Ёзишинггина қолган, тўғрими? Марҳамат, шу асарни ёзмасликнинг иложи бўлса – ёзмагин”, деб маслаҳат берган экан. Шу гапнинг ҳам таъсири йўқ эмас. Мен бировлардан фикр олсам, инсоф юзасида шу алломаларни эътироф қиламан, номларини айтаман. Руҳлари шод бўлади. Бироқ бизда бировнинг фикрини ўзлаштириб, ўзиники қилиб айтишдек ғалати бир касаллик урчиган. Уят. Яъни, бу даврада кимдандир эшитган гапини бошқа даврага бориб худди ўзининг фавқулодда гениал гапидек сўйлаб, одамларни оғзига қаратади. Ҳолбуки, уни биринчи айтган одам ҳам кимдандир ўқиб ёки эшитиб олган бўлади. Бу соҳадаги занжирли кимёвий реакция деганлари шу бўлади. Аслида, айбни очиқ тан олиш жазони енгиллаштиради – бировдан олинган фикр эгасини эътироф этиш одам руҳини тозартиради. Руҳ кирланса – бу жуда ёмон. Руҳи кир одамнинг комил одам бўлиши қийин. Руҳи кир одамнинг кўнгли кир ва ёлғончи бўлади. Бадиий адабиёт ва санъат руҳият билан шуғулланади. Лекин руҳиятнинг аниқ формуласи йўқ. Инсон ўз руҳиятига ўзи аниқ ташхис қўя олмайди кўпинча. Шу боис бадиий адабиётда ҳам инсон руҳиятини тўла-тўкис ифода қилиб бўлмайди. Адабиёт инсон руҳиятининг алифбосидир. Олимларнинг бадиий адабиёт тўғрисида ёзган адабий талқинлари ҳам охирги ҳақиқат эмас. “Руҳият алифбоси”, холос.

Бир нарсага ҳайрон қоламан, нима учун адабиётшунослар кўпинча илмий тилдан, кўпчилик тушунмайдиган терминлардан фойдаланишади? Айнан шу туфайли адабиётшуносликка оид китоблар фақат тор давралар, хос одамлар ўртасида қолиб кетмаяптими? Бу нимани англатади аслида: эҳтиёжними, талабними, тилга нўноқликними ё шунчаки олифталикними?

– Сиз тугул, ўттиз йилдан бери мен ҳам шунга ҳайрон қоламан. Нуфузли тор бир даврада мен қўллаган ажнабий атама хусусида гап кетди. Шунда очиқ тан олиб: “Бизнинг соҳадаги адабий олифтагарчилик бу”, дедим. Нима қиламан ҳамма биладиган ва тушунадиган воқеа-ҳодисаларнинг қайта баёнини жадвалларга солиб ёки биров тушунмайдиган ажнабий атамалар қамровида фикрни йитириб-ғойиб этиб. Айтадиган фикри бўлмаган жойда ҳеч ким тушунмайдиган ажнабий атамалар найза кўтариб майдонга чиқади ва ўқувчини фикр оқимидан чалғитиб, юракларини яралайди. Ўқувчи адабий-назариймонанд таҳлилларни тушунмаганидан кейин “ўзим анқов ва ҳеч нарсани билмайдиган ношуд эканман”, деган хулосага келиб қолади. Энди ўзингиз бир мулоҳаза қилинг, гап дўлдами ёки дўланадими? Менимча, олимнинг асил вазифаси одамлар тушунмайдиган воқеа-ҳодисаларни ҳаммага тушунарли бўлган ўзбек адабий-илмий тилида баён қилишдан иборат... Бир газетада атамаларнинг ялтироқ либосига бурканган бир мақола ўқидим. Сиртдан қаралса, ниҳоятда илмий ва фавқулодда кашфиётлар майдонига ўхшайди. Бироқ ўқиган одам ҳеч балога тушунмайди. Мақола ичида келган рус бир олимнинг исм-фамилияси изидан интернет тармоғига кириб, шу мақоланинг русчасини ахтардим. Топилди. Мана сизга илм, мана сизга олимлик. Дунё ўргимчак тўри ичра ҳансираб нафас олаётган бир паллада олим бўлганлар ва олим бўлаётганлар инсониятга манфаатли илм билан машғул бўлишлари лозим. Шунда жуда кўп нарса жой-жойига тушади, шунда бир-бировимизни тушунишимиз осон кечади.

Самимий суҳбат учун раҳмат!

ОЙДИННИСО суҳбатлашди,

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адабиёт – руҳият алифбоси