Адабиёт мухлислари учун туҳфа
2023 йилда мамлакатимизда Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан наинки пойтахтимиз ва Тошкент вилояти, балки мамлакатимизнинг турли гўшаларида, олий ўқув юртларида, кутубхоналарда атоқли шоир ижодига бағишланган адабий кечалар, анжуманлар ташкил этилди.
Адабиётшунослар фикрича, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи замонавий ўзбек шеъриятини янги шеърий жанрлар, поэтик шакллар, бадиий образлар ва мавзулар билан бойитган шоир. Унинг ижодида Ватан ҳурлиги, истиқлол, миллий ўзликни англаш масалалари устувор ўрин эгаллайди.
Яқиндагина чоп этилган "Танланган асарлар" китоби шоирнинг ҳаётлигида нашр қилинган шеърларидан ташқари, дафтарларида қолиб кетган илк машқлари, бугунга қадар эътибордан четда қолиб келаётган насрий асарлари, адабий мақола ва суҳбатлари билан бойитилди.
Бу Рауф Парфи ижодий фаолиятини тўлақонли тасаввур қилишга ва шоир асарларини атрофлича тадқиқ этишимизга қўл келиши шубҳасиз. Шоир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан тайёрланган ушбу нашр адабиёт мухлислари учун ўзига хос туҳфа бўлди.
Китоб "Адабиёт" нашриётида чоп этилган.
Н.Усмонова, ЎзА