Адабиёт фидойилари
Миллий адабиётимизда устоз ижодкорларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, уларнинг ижоди ҳозирги ёш қаламкашлар учун ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда.
Ана шундай ижодкорлардан бири Омон Мухтор эди. Ижодкор 1941 йил 16 июль куни Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Китобхонлар Омон Мухторни ёзувчи, шоир, драматург сифатида алоҳида эътироф этади.
Омон Мухтор 1958 йил Бухоро шаҳрида мактабни, 1964 йил Тошкент Давлат университетининг журналистика бўлимини тугатган эди. Болалар газетаси, Ўзбекистон радиоси, Кино қўмитасида ишлаган. Aдабиёт нашриётида муҳаррирлик қилган. 1983 йилдан "Шарқ юлдузи" журналида фаолият кўрсатган эди.
Омон Мухторнинг "Ёғду" (1979), "Марварид" (1985), "Шиддат" (1990) ва бошқа шеър тўпламлари, таржима китоблари чоп этилган. Шунингдек, катталар ва болаларга мўлжалланган янги эртаклар, хаёлий манзаралардан иборат бир неча китоблари ҳам нашр этилган. Aдиб қатор ҳикоялар ва қиссалар китоблари муаллифи эди. "Нигоҳ" (1968), "Қушлар ва тушлар" (1971), "Шаҳарлик келинчак" (1973), "Вазифа" (1988), "Ўлмаган жон" (1995) сингарилар шулар жумласидан. Унинг қаҳрамонлари оддий касб-ҳунар кишилари. Шеърларида ҳам, ҳикоя ва қиссаларида ҳам ёзувчи бировга эргашмайди, ўзи топган аниқ фикр билан жонли манзара чизишга уринади. Омон Мухторнинг Садриддин Aйний, Фитрат, Ғафур Ғулом каби устозлардан сабоқ олгани ижодида яққол кўзга ташланади.
Омон Мухтор дастлаб "Йиллар шамоли" (1976) ва "Эгилган бош" (1989) деган икки роман эълон қилди. Бу романлар кейинчалик "Бухоролик бир йигит" (1998) ва "Ўлмаган жон" (1995) китобларида қайта нашр этилди. Ёзувчининг шундан сўнг "Тўрт томон қибла" трилогияси ("Минг бир қиёфа", "Кўзгу олдидаги одам", "Тепаликдаги хароба" романлари) 2000 йилда нашр этилди. У яна "Ффу", "Aёллар мамлакати ва салтанати" (1997), "Aфлотун" (1998), "Майдон" ("Шарқ юлдузи" журнали 2001 йил 1-сон) романларини ёзди.
Адабиётшуносларга фикрига кўра, дастлабки икки романи маълум даражада анъанавий услубда бўлса, кейинги романлар ўз шакли ва йўналиши билан бутунлай янгичадир. Улар асосан, ўзбек халқ эртаклари, қиссалари, достонлари ва афсоналарига суянган ҳолда, бу кунги инсон ҳаётини акс эттириш билан бирга, унинг хаёл оламига, руҳиятига саёҳатни эслатади. Aдиб ижодига хос бўлиб келган фалсафага мойиллик бу романларда бўртиб кўринади. Инсон қисмати ҳам, унинг руҳ олами ҳам нақадар мураккаб эканлигини акс эттиради. Омон Мухтор камтарин, камсуқум, хокисор, ҳалол инсон, адабиётни, ижодни умр мазмунига айлантирган қаламкаш сифатида кўпчилик хотирасида адибдир.
***
Ўзбек адабиётида ҳажвий жанр ўзига хос ўрин тутади. Енгил кулги ва юморга йўғрилган асарларни атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ижодисиз тасаввур этиш қийин.

Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган.
Неъмат Аминов 1959 йилда Бухоро педагогига институтининг тарих-филология факультетини тугатган.
У вилоят радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва бош муҳаррир (1961-1973), «Муштум» журналида масъул котиб ва бош муҳаррир (1973-2005), «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири ўринбосари (1989-1991), Республика маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази раҳбари (1995-1999) бўлиб меҳнат қилган.
Неъмат Аминовнинг илк ҳажвий ҳикоялар тўплами – «Икки пуллик обрў» номи билан 1966 йилда чоп этилган.
Сўнг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама-ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) ва бошқа ҳажвий тўпламлари нашр этилган.
«Елвизак» ва «Суварак» қиссалари асосида «Ёлғончи фаришталар ёхуд елвизакфеъл ва суваракмижоз Баширжон Зайнишев ҳаётидан» ҳажвий романини ёзган. «Бир аср ҳикояти» (1996) асари ҳам бор. Неъмат Аминов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1999).
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА