ҲАҚИҚАТ ВА АДАБИЙ ЖАРАЁН

Таниқли адабиётшунос, ёзувчи Жовли Хушбоқ билан таниқли ёзувчи Шаҳодат Исахонова суҳбати

Кейинги йилларда ўзбек адабиётида йирик эпик жанрлар тараққиёти кузатилаётир. Исажон Султоннинг ҳозиргача еттита романи нашр этилди. Айниқса, тарихий мавзудаги “Алишер Навоий”, “Беруний” асарлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Муҳаммад Алининг “Клеопатра”, Эркин Аъзамнинг “Шовқин”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф”, Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий”, Иқбол Мирзонинг “Бону”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Дарё”  романлари алллақачон минглаб ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланган. Бундан ташқари Шойим Бўтаев, Неьмат Арслон, Наби Жалолиддин сингари  ўнлаб адибларнинг асарлари ҳам дунё юзини кўрди.

Туркий халқлар адабиёти ҳақида сўз кетганда шўролар давридаёқ  элнинг севимли адибига айланган  атоқли ёзувчи Нурали Қобул китоблари ёдга тушади. Н. Қобул романчиликда ўзига хос мактаб яратди. Таниқли адиб шу кунгача ўнлаб тарихий асарлар ёзганлиги, уларни дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ўқувчилар катта ҳаяжон билан, севиб мутолаа қилишаётганлиги диққатга сазавордир. Энг асосийси, бу китобларнинг аксарияти хорижий тилларга ҳам таржима қилингани мақтовга лойиқ. Нурали Қобулнинг етти жилдлик роман-памфлетлари китобхонлар ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетди. У сиёсий роман-памфлет жанрининг асосчиларидан бири эканлиги эътирофга муносибдир.  

Бугунги наср ҳақида фикр юритганда истеъдодли ёзувчи Шаҳодат Исахонова асарларини мамнуният билан тилга олмасдан илож йўқ. Негаки адиба кейинги йилларда бир нечта қисса ва бадиий жиҳатдан пишиқ романлар яратиб, аёл ижодкорлар орасида  ҳамон пешқадамликни бермай келаётир.  

Шу боис, севимли ёзувчи билан бугунги адабий жараён, сўнгги пайтларда нашр этилган китоблари, ҳамкасблар ижоди ва ҳатто шеърият соҳасида ҳам салоҳиятини намоён этаётганлиги хусусида қизғин гурунглашдик.

Қуйида  ана суҳбат матни  эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Жовли Хушбоқ: – Кузатишимча, истиқлол йилларида талантингизнинг янги қирралари юз кўрсатмоқда. Буни ижодий фаоллик борасида бошқа ёзувчилардан кўра анча сермаҳсул эканлигингизданҳам англаш мумкин. Камолот сари дадил қадамларингизни ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

Шаҳодат Исахонова: – “Истиқлол йилларида...” деган жумлангизга озроқ изоҳ бериб кетсам... Биласизми, истиқлолгача бўлган даврни баъзилар сал истеҳзо ва пичинг аралаш талқин қилишади. Қай бир маънода бунга маънан ҳақли ҳам. Лекин мен ўша даврни (ўзим яшаган йилларни назарда тутаяпман, тузумни эмас) қоралаш фикридан йироқман. Чунки бу даврда, гарчи, яшашимиз бугунги кундаги даражада тўқ, фаровон бўлмасада, чин маънода ҳақиқий илм олдик. “Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун” деган ва ҳозирги авлодларга баландпарбоз гапга ўхшаб туюладиган шиор бизнинг қалбимизда на фақат яқинларга нисбатан, балки, бутун бир элимизга, миллатимизга, жамики инсонларга нисбатан  меҳр-мурувват ҳиссини уйғотган, онгимизда инсонийлик туйғусини шакллантирган. “Тузум сифатида эмас” деган иборамнинг боиси шуки,   ўзбек миллати  сифатида, давлат сифатида сонда бору саноқда йўқ эдик. Биз аждодларимизни, тарихимизни, қаҳрамонларимизни бошқаларнинг тавсиясига кўра, ёқиш-ёқмаслигига кўра ёзишга, тасвирлашга, талқин қилишга маҳкум эдик... Шу боис ҳам Истиқлол биз учун жуда қадрли ва у ҳаммамизнинг армонимиз, орзуимиз эди...  

Турли даврону замонларни кўриб келаётган инсон сифатида Сиз ҳам яхши биласиз, ҳар бир даврнинг, айниқса, эришилиши ниҳоятда мушкул ҳисобланган, ҳатто тушингизга ҳам кирмайдиган Истиқлолнинг ўз қийинчиликлари ва ютуқлари бўлади, бу табиий. Лекин бу кўпроқ ўша давр одамларининг, аниқроғи, давлат ва салтанат карвонини бошқараётган масъулларнинг закоси, иқтидори, салоҳияти билан  боғлиқ. Дастлабки йилларда Истиқлол оғочи биз кутган меваларни бермаганининг, аксинча, маданият, маърифат ва илм соҳасида  кўплаб янглиш ва хатоликларга йўл қўйилганининг  боиси ҳам шундан бўлиши мумкин...

Биргина ўзимизнинг ёзувчилар уюшмасида қанча иқтидорли ижодкорлар сафимиздан яширин равишда ўчирилди... Газета-журналлар обуначилар сони камайганлиги баҳонасида ёпилди, кутубхоналар ўз-ўзидан йўқ қилинди. Илм даргоҳининг улуғи ҳисобланмиш Ўзбекистон Фанлар Академиянинг тарқатилиши эса дунё алломаларининг бешиги бўлмиш юртимиз учун катта йўқотиш ва ҳатто иснод эканлигини айтмаёқ қўяқолай...  

Кейинги йилларда эса бу хатолар тузатилмоқда. Айниқса, фандан кўра техникага ружу қўйилаётган ва фаннинг асоси бўлмиш илмдан, китобдан узоқлашилаётган бир паллада асл китобхонлар учун турли-туман конкурслар, мусобақалар уюштирилиб, ғолиблар учун мукофотлар, совғалар ташкил қилинаётганини  мен ёзувчи сифатида қувватлайман,  қувонарли ҳол. Чунки бу усул ҳам қайсидир бир маънода ўзини оқлашига имоним комил.  

“Истиқлол йилларида талантингизнинг янги қирралари юз кўрсатмоқда...” деган эътирофингизга келсак, менимча, ҳамма нарса, зарралардан тортиб, оддий яратиқларгача, у хоҳ ўсимлик, хоҳ одамзод бўлсин, яшай олиш, ўсиб-улғайиш, ўзини намоён этиш имконияти бор муҳитда, шароитда туб қўйиб, палак ёзади... Юқорида таъкидлаганимдек, совет тузуми даврида намунали яшаб, билимни чуқур эгаллаган, маданиятли инсонлар сифатида шаклланган ва яшаган бўлсакда, ўз юртимиз, миллатимиз, аждодларимиз ҳақида рўйи-рост ёзиш, борни борлигича талқин қилиш чўғнинг устида юриш билан баб-баробар эди. Бу тақиқлар гарчи очиқ айтилмасада, амалда қўлланиларди. Аждодларимиз тарихига қўл урган ижодкорлар Иброҳим Мўминов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров  каби улкан ёзувчилар ана шундай тақиқларнинг жабрини тортганини замондошларимиз ҳануз эслашади... Бугунги кунда “Турон маликалари” туркумидан тўртта тарихий романим ўқувчилар қўлига тегди. Сиз яхши биласиз, Ўрта Осиёда аёлларнинг фазилатлари, бурчи, вазифалари, ахлоқ-одоби, оналиги, севимли ёр эканлиги доимо таҳсинга сазовор бўлган ва эъзозланган. Улар илм ва маърифат, бунёдкорлик ишларида,  эркаклар билан елкама-елка туриб, эл хизматида бўлган, мадрасалар қурган, илм аҳлига ҳомийлик қилган, маърифат тарқатган ва улуғлик мақомига эришишган. Ҳатто ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этишган. Биргина Бибихонимнинг ўзи бунга яққол мисол бўла олади. Тарихдан биламизки, Амир Темур ҳазратлари аёлларга юксак эҳтиром кўрсатган. Бибихонимга берилган имтиёзлар фикримизнинг далилидир. Бибихоним улуснинг мартабасини сақлашда, обрў-эътиборини оширишда “тузуклар...” га амал қилган ҳолда иш юритган. Элу элат аҳволидан огоҳ бўлиш, уларнинг тақдири, турмуш тарзи, оила шароити билан қизиқиш, улуғларни оға, кичикларни ини ва фарзанд ўрнида кўриш, ёшларни Ватанга, тупроққа, улусга, тилга, байроққа садоқат руҳида тарбиялаш шиори  Бабихоним учун дастуриламал бўлган... Романларимда ана шундай маърифатпарвар маликалар ва аёлларимиз ҳақида ҳикоя қилинади...  

Жовли Хушбоқ: – Болалар адабиёти соҳасида ҳам қалам тебратишингиздан хабарим бор. Талайгина ҳикояларингиз китоб ҳолида чоп этилган. Кичкинтойларга атаб ёзган асарларингизни ҳанузгача навқирон авлод вакиллари севиб ўқишади. Жиддий прозага ўтишингиз учун болалар адабиёти пиллапоя вазифасини ўтагандай хаёлимда...

Шаҳодат Исахонова: –  Ҳа, илк машқларимни ҳам болаларга атаб шеър ёзишдан бошлаганман. “Жабрдийда” номли дастлабки  ҳикоямнинг қаҳрамони  бола ва буви... Гарчи шеърларимда ҳам, ҳикояларимда ҳам қаҳрамонлар асосан кичкинтойлар бўлсада, уларнинг кечинмаларини катталарнинг ҳаёти, муҳаббати, нафрати, яхши хислатию ёмон феъл-атворига бўлган болаларча қарашлари орқали  очиб бераман...  “Жабрдийда”ни ойимнинг холаси айтиб берган ҳодиса асосида ёзганман. Ҳикоя қаҳрамони Ўткир деган бола отасига қўшилиб, қамоқхонада ётган бувисини кўргани боради.  

Воқеа тафсилоти шундай юз берган. Боланинг бобоси ким биландир жанжаллашиб қолган ва боши остона қиррасига тегиб, ўша заҳоти жон берган... Ҳикоя тафсилотида бу айблов бувининг чекига тушган. Буви болага ўгай. Яъни, у чолнинг биринчи  хотини. Фарзандсизлиги туфайли чолнинг иккинчи хотинидан бўлган ўғил билан яшайди. Уларни ўз фарзандидай кўради... Воқеа сўнгида фожиа ойдинлашади.

Отаси қамоқхонанинг ичкарисига кириб, кўришишга рухсатнома олгунича, бола назоратчининг олдида қолади ва, табиийки, ходим уни гапга солади.  

– Бувингни шунчалик яхши кўрасанми? – дейди назоратчи кичкинтойнинг  мақтов сўзларини эшитгач.  

– Менинг бувим дунёдаги энг яхши буви... - дейди бола ғурурланганича.

 –Ана шу яхши бувинг бобонгни итариб юбориб, ўлдирганини ҳам биласанми?! – дейди назоратчи ҳайратланганича.

– Бобомни бувим ўлдиргани йўқ, отам итариб юборган эди, ўз кўзим билан кўрганман... – дейди  шоша-пиша ва ходим  гапларига ишониши учун ўнг қўлини жуфт қилганича, чеккасига тирайди, – Чин октябрят сўзим...  

Ҳикоядаги буви аслида, ойимнинг холаси... Ўша холамиз бу воқеани менга айтиб туриб, ёздирган...  

Жовли Хушбоқ: –  Ғафур Ғулому Ойбекдан тортиб то Иқбол Мирзогача наср билан назм боғидан сара гуллар териб, нафис гулдасталар ҳосил қилганликлари кўпчилик адабиёт мухлисларига аён. Бадиий жиҳатдан анча бақувват романлар яратган Шаҳодат Исахонованинг “Адабиёт” газетасида бир саҳифадан ортиқ шеърлари эълон қилинганлиги юқоридаги анъананинг ҳанузгача давом этиб келаётганлигини англатмайдими?

Шаҳодат  Исахонова:  –  Юқорида айтиб ўтганимдек, мен ҳам ижодимни шеър ёзишдан бошлаганман. Поэтик асарларим туман, вилоят ва республика газета-журналларида босилган. Лекин айни пайтда насрда ҳам ижод қилганим учунми, кейинчалик вақтимни кўпроқ шу жанрга қаратдим. Мен поэзияни, шеърларни (яхши, ҳақиқий асарларни, албатта) инсон тафаккурини уйғотувчи, илҳом берувчи бир восита деб биламан ва қандай жанрдалигидан   қатъий назар, у насрийми, ёки назмдами ёзишни бошлашдан аввал севган шоирларимдан албатта шеърлар ўқийман. Чунки насрда фикр ва оҳанг уйғун бўлиши керак. Оҳанг бўлмаган асарни ўқиш қийин кечади. Шеърдаги янгилик, ҳатто, бир жумла ёки гўзал ташбеҳ кўнглингизда туғилган, лекин қоғозга кўчиши қийин кечаётган фикрларингиз булоғининг кўзини очиб юборади. У қаҳрамонларингиз дардига малҳам бўлади... Уларни эзгулик сари етаклайди. Ғам-алам, қайғу, дўсту ёрлари хиёнати чоҳидан омон чиқиши учун пиллапоя вазифасини бажаради. Шу сабаб, яхши шеър қудратли вулқонга ўхшайди... Дарвоқе, шеърларим ёққанидан хурсандман. Айниқса, Сиздай нозик таъб ва ашаддий танқидчи томонидан эътироф этилиши мен учун катта баҳо...

Жовли Хушбоқ: – Ижтимоий тармоқларни кузатиб бораяпсизми? Бугун юртимиздаги миллионлаб ёшларнинг кўпчилиги телефондан фойдаланишни ва интернет сайтларига киришни афзал кўрмоқдалар. Сиз “Кун-Ўз”, “Қалампир”, “Дарё”, “Ўз.А. Расмий хабарлар ”, “ЎЗА. Тезкор хабарлар”, “Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси” каби ўнлаб оммабоп сайту каналларда берилаётган турли-туман хабар, мақолаларни, шеърлару насрий асарларни ўқиб турасизми?  

Мен  талантли шоира Гуландом Тоғаеванинг  фейсбукдаги гуруҳига аъзоман. Унинг сайт ва  каналида кўнгилларни ўтли мисралари билан забт этадиган шоирларнинг шеърлари  кўпроқ эълон қилинаётир. Шу билан бирга гоҳида ўқувчининг дидини ўтмаслаштирадиган, бадиий жиҳатдан анча бўш, ночор машқлар ҳам ўрин олаётганлиги сир эмас. Уларни ўқиган ёшлар шеър-ҳақиқий санъат асари шундай бўлар экан-да деган ноўрин ва алдамчи хулосага келмаслигига ким кафил бўла олади?

Шаҳодат  Исахонова: –  Ҳа, ёшларнинг кўпчилиги телефондан фойдаланиши,  шунчаки, афсус билан айтиладиган гап эмас. Мен уни “Бу  давр, миллат, авлодлар учун энг ёмон иллат” дея давом этдиргим келади...  Бу ерда ёшларнинг сайтларга кириб, маълумотлар олишларини айтмаяпман. Аксинча, мактабда, узлуксиз ўқиш орқали олинадиган ҳақиқий билимлардан мосуво бўлишаётганини назарда тутаяпман. Шу ерда Румий ҳазратларининг: “Сиз китобга шунчаки кўз ташласангиз, қуруқ ҳарфларни кўрасиз. Сиз унга ақлингиз ила боқсангиз ундаги илмни илғайсиз ва унинг маънолари хазинасидан баҳраманд бўласиз. Уни қалб кўзингиз ила ўқисангиз у сизни ҳақиқий, дунёвий  илмга ошно этади. Агар уни руҳингиз билан уқсангиз Сизга Роббим яратган барча яратиқларнинг сир-асрори очилади...” деган фикрларини иқтибос тариқасида келтирмоқчиман, чунки у айтмоқчи бўлган гапимга жуда уйғун. Зеро, “Саодатли ҳаётнинг калити илмдир...” деган гапнинг маъноси ҳам мана шундай... Лекин бу билан мен барча ёшлар телефонга ёпишиб олган, деган фикрдан йироқман. Мактабларда, олий ўқув даргоҳларида яхши ўқиётган, илмнинг қадрини тушунаётган ёшларимиз ҳам кўпаймоқда. Май ойида мени Андижон давлат педагогика институтига учрашувга таклиф қилишганида институт домласи, филология фанлари номзоди, доцент синглимиз Маърифатхон Қосимованинг сазасини ўлдиргим келмай, “хўп” дедиму кейин  тадбирларга ўлганиниг кунидан келадиган, лоқайд, телефон титкилаб ўтирадиган ёки гапираётганингда дафтар-китобини қўлтиқлаб, жўнаб қоладиган ёшларни эслаб, ваъда берганимга ўзимча пушаймон бўлдим. Аммо учрашувдан мамнун бўлиб қайтдим. Бир ярим соатга мўлжалланган учрашув, уч соатга чўзилди. Энг қизиғи, дастлаб ярим бўлган зал кўп ўтмай, тўлди. Кейин билсам, саволлар-жавоблардан илҳомланган йигит-қизлар “хомуза тортиб ўтиргандан кўра, дам олганимиз маъқул” деб ётоқхонада қолишган ҳамроҳларига суҳбат қизиётгани ҳақида хабар беришган экан... Учрашув бошланишидан олдин институтни ва талабалар ётоқхоналарини айланиб чиқиб, у ерда яратилган шароитлардан хурсанд бўлсамда, суҳбатдошларим ректор Бахтиёржон Расулов, ёшлар сиёсати  ва маънавият бўйича проректор Муҳаммаджон Парпиев ва домлаларга “Шундай шароитларда яхши ўқимаслик, гуноҳ...” деб шаъма қилиб қўйгандим ўзимча. Тўғриси, аламли фикрларим тумандай тарқаб, ҳавас билан қайтдим... 

Сиз санаб ўтган кўплаб сайт ва каналларга мен ҳам аъзоман. Гуландом Тоғаева бошқараётган “Моҳият. Ўз” канали эълон қилаётган воқеа ва ҳодисаларни, публицистик ва бадиий асарларни ҳам ўқиб бораман. Гуландомхон иқтидорли шоира бўлиши билан бирга зукко олима ҳам. Бунинг устига адабиётимизнинг ҳақиқий фидойиси... Шу боис, сайтдаги материаллар ранг-баранг ва энг асосийси сифатли. Чиндан ҳам каналларда берилаётган яхши шеърларни ўқиганингизда, янги, иқтидорли номларни кашф этганингизда хурсанд бўласиз. Ўртамиёна ёки ундан паст даражадаги машқлар эса кўнглингизни хира қилади. Айниқса, адабиётда таниш-билишчилик ёки суяш маъносида мурувват кўрсатилишига мен ҳам қаршиман. Бундай пайтда Сизнинг мурувватингиз адабиётнинг зарарига ишлайди ва бундай бағрикенглик, кўнглибўшлик қош қўяман деб кўз чиқаришга ўхшайди. Энг ачинарлиси, бадиий ижодда яна бир “хизмат тури” пайдо бўлдики, буни нима деб баҳолашни ҳам билмайман... Яъни, бус бутун ҳикоя, қисса, ҳатто романларгача иқтидорли ижодкорларимиз томонидан ёзиб берилаётган экан!      

Жовли Хушбоқ: – Мукофоту унвонлар, ордену медаллар, умуман, меҳнатга, иқтидорга яраша эътирофлар яхши. Лекин ўша эътирофлар ҳақиқий эгасига қилинсагина қиймати бўлади. Айниқса, “Зулфия” мукофоти ва унинг атрофидаги ҳар хил гап-сўзларни эшитиб, ижодкор сифатида одамнинг нафсонияти оғриркан. Сиз бу фикрларга қандай қарайсиз?

Шаҳодат Исахонова: – Ҳадисларда “Мазлумнинг меҳнатига, қобилиятига яраша эътироф этмаслик, муносиб  тақдирламаслик зулмдир...” дейилади. Ота-боболаримиздан қолган “Йигитни ўлдир, лекин ҳақини бер... деган мақолдаги адолатли шаъма ҳам шунга уйғун. Лекин ўзингиз таъкидлаганингиздек, гап мукофотнинг муносибларга берилишида. Мендан ҳам “Зулфия” мукофотига тавсиянома (ҳозир “фикрнома” ҳам дейишади) сўраб келишганида, баъзи бир “шоира” қизларнинг қораламаларини ўқиб кўриб, тўғриси уяламан, ота-оналарининг гапларини эшитиб, ундан баттар хижолат бўламан, ҳатто, бечораларга раҳмим ҳам келади... Мукофот қизларнинг баъзиларига яхшироқ олий даргоҳга ўқишга кириш учун асқотса, айримларининг мансаб пиллапояларидан кўтарилишига восита бўлар экан. Бир қизнинг онаси ҳатто, “мўлжалимда яхши, бойвучча куёв бор, ўша йигит бўлажак келин “зулфиячи” қизлардан бўлишини хоҳлаётган экан, қўллаб юборсангиз сиз ҳам савобга қоласиз...” деганида нима дейишимни билмай, мум тишлаганман. “Мукофотларни ижодга ёрдам берувчи омил деб билмаганим сабабли бу жараёнга аралашишдан ўзимни тияман, узр...” деган баҳона билан бундай “савоб”дан воз кечганман... Лекин “Зулфия” мукофотининг соҳибалари бўлмиш иқтидорли шоиралар Гулжамол Асқарова, Меҳриноз Аббосова, Нозима Ҳабибуллаева, Феруза Хайруллаева, Юлдуз Ўрмонова, Юлдуз Абдулҳакимова ва Ҳулкар каби ижодкорларнинг асарларига тенг келадиган шеърларни ўқиганимда, албатта, ёзиб берган бўлардим...

Жовли Хушбоқ: –  Мавриди  келганда, сўраганим учун узр, ўзингиз ҳам бирор бир унвон ёки мукофот соҳиби бўлганмисиз?

Шаҳодат Исахонова: – “Ҳар нарсада хайр бор...” дейишади. Нимагадир эришсанг бир хайр, эриша олмасанг ўн хайр бор...” экан. Демак, мен ўн хайр эгасиман. Мен учун энг асосийси, мукофотга арзирлик асарларингнинг бўлиши... Чунки мукофоту унвонлар фақат ўзингга асқотади, китобларингдан эса элга фойда бор. Прозаик ва поэтик асарларим Аллоҳнинг мукофотидир...  

Жовли Хушбоқ: – Сайтлар, каналларда яна бир хунук одат ва русум пайдо бўлдики, бу уятли тирикчиликни қандай ном билан аташга ҳам ҳайрон қоласан... Ижодкор томонидан кашф этилган янги фикр, теша тегмаган иборалар, ташбеҳлар ва ҳоказоларни бир-бирларидан “ўзлаштириш” одат тусига кираяпти. Сиз бу аҳволга қандай баҳо берасиз? Ўзингиз ҳам шундай ғаротга дуч келганмисиз?  

Шаҳодат Исахонова: – Мен буни “адабиётнинг фожиаси” деган бўлардим... Ижтимоий тармоқларда Нури Жаҳон тахаллусли ажойиб бир шоира бор. Кўпинча, ўша шоира бу хунук одатдан норози бўлиб, менга кўнглини очиб қолар эди. Яқинда бир сайтда “Йилнинг энг яхши видеоси...” деган бир видео лавҳани кўриб қолдим. Лавҳа “Ўриндиқсиз билет...” деб номланган ва унда қарияга ўз ўрнини берган ногирон бир қиз ҳақида ҳикоя қилинади. Видеода талқин қилинган воқеа чиндан ҳам ибратли ва инсонларга сабоқ беради. Лекин кадр ортидан берилган қўшиқни эшитиб, тўғриси ҳайрон бўлдим. Унда менинг “Сен менга меҳр бер...” шеъримдаги сўзлардан фойдаланган ҳолда қўшиқ қилинган ва автори янги...

Аммо ташбеҳ, иборалар учун дод-вой солиш ҳалво экан. Бутун бошли шеърларни ҳам “ўзиники” қилиб эълон қилишга журъати етаётган ижодкорларнинг борлигидан ҳайратга тушдим... Бунинг устига “кўчирмачи” ёш, ҳали муаллифлик қонун-қоидасини билмайдиган бошловчи қаламкаш эмас, балки туппа-тузук таниқли шоир ёки шоира бўлса? Бир сайтда туркман шоирининг, раҳматли Муҳаммаджон Раҳмон томонидан таржима қилинган шеърига кўзим тушиб қолди. Шеър ҳам, таржима ҳам яхши бўлганлиги учун биз, уни ёдлаб олган эдик. Лекин шеърнинг тагидаги муаллиф-шоиранинг исмини ўқигач, ҳайрон бўлдим, балки “таржимон” сўзи тушиб қолгандир ёки шоира ҳам уни янгидан таржима қилгандир деб ўйладим. Лекин шеър деярлик ўзгартирилмаган, фақатгина кўплик маъносини берувчи “лар” қўшимчаси олиб ташланган эди... Сайтнинг бошқарувчиси бўлмиш таниш йигитдан сўраб кўриш маъносида унга телефон қилдим. Бошқарувчи йигит шеър муаллифи шоиранинг ўзи эканлигини айтгач, мен фикримни яшириб ўтирмадим. “Нобель мукофотининг соҳибасига айтинг, бировларнинг шеърини ўзиники қилмасин, лауреат учун бу жуда уятли...” дедим. (Бундай дейишимнинг сабаби у ўз сайтининг олдинги саҳифаларида шоиранинг юз йилдан кейинги тақдиридан фол очиб, Нобель мукофоти соҳибаси бўлмиш бувининг музейига ташриф буюрган авлодларига унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида “ажиб” бир лавҳа эълон қилган эди. Ундан илҳомланган, бошқа “жонкуяр” блогер укаларимиз ҳам саҳифаларида “халқ шоираси” унвонлари билан кимларни сийлаш мумкин деган луқма ташлашиб, шоираларимизнинг қўлтиғини пуч ёнғоққа тўлдира бошлашди... Ундан кейинги ҳангомалар, шоираларимизнинг талашиб-тортишувларини майли, айтмай қўя қолай...) Хуллас, блогер укам олдин мен билан роса тортишди. Унга “Майли бошқа сайтда, М. Раҳмоннинг китобини расмга олиб, эътироз ва фикрларимни билдираман, унда...” деганимдан кейин, шунда ҳам шоира билан гаплашгач, шеърни сайтидан ўчиришини айтди. Шеър ўн дақиқа ичида ўчирилди...

Жовли Хушбоқ: – “Турон маликалари” туркумидан ёзган романларингиз аллақачон минглаб ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланиб бўлди. “Бибихоним” асарининг бош қаҳрамони Сароймулкхоним –  Бибихоним образини яратишда анча меҳнат қилганлигингиз кўриниб турипти. Шу боисдан Бибихоним фақат ижобий қаҳрамонгина эмас, мураккаб образ тарзида яратилганлиги табиийдек туюлади. Бош қаҳрамон қиёфасини гавдалантиришда тарихий ҳақиқат принципларига  риоя қилинган деб ўйлайсизми?  

Шаҳодат Исахонова: – Қаламга олинаётган даврда юз берган воқеа ва ҳодисаларни, образлар оламининг ҳаққоний моҳиятини тарихий ҳақиқат принциплари асосида очиб бермас экансиз, билимингиз, тажрибангиз, ҳатто, истеъдодингиз қанчалик даражада юқори бўлмасин кутилган натижага эриша олмайсиз. Ўзингизга маълум, маҳди улё, яъни, бош малика Бибихонимнинг Турон давлатида тутган ўрни, мавқеи ниҳоятда юксак бўлган. Унинг оқила ва донолигига, ҳар бир юмушда тадбирли эканлигига, ниҳоятда адолатпешалигига соҳибқирон Амир Темурдай ҳукмдор ҳам тан берган. Бибихонимга берилган имтиёзлар, кўрсатилган юксак эҳтиром бунинг далилидир.  

Бибихоним “Темур тузуклари” да қайд этилган тамойилларни, қонун-қоидаларни, яъни, элу элат аҳволидан огоҳ бўлиш, уларнинг тақдири билан қизиқиш, улуғларни оға, кичикларни ини ва фарзанд ўрнида кўриш, ёшларни Ватанга, улусга, тупроққа, байроққа, тилга садоқат руҳида тарбиялаш шиорини ўзи учун ҳам дастуриламал деб билган ва бу тамойилларга сўнгги нафасигача содоқат сақлаган. Бибихонимнинг яна бир ибратли томони шундаки, Турон маликаларидан биринчи бўлиб, ўз маблағи ҳисобидан масжид қурдирган ва толиби илмларга рағбат кўрсатган...    

(Давоми бор)

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Адабий суҳбатлар