Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи “Адабий мерос” номли илмий электрон журнални нашрдан чиқарди.
“Адабий мерос” журнали фольклоршунослик, адабиётшунослик, матншунослик ва манбашунослик илмида ўз ўрнига эга бўлган илмий нашрлардан ҳисобланади. Унда адабиётшуносликда ўз мактабини яратган фидойи олимлар ва адабий жараённи намойиш этувчи энг янги илмий асарлар ҳақида танқидий, библиографик характердаги мақолалар бериб борилади.
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига армуғон сифатида тайёрланган журналнинг ушбу сонида “Қадимий битиклар”, “Навоий абадияти”, “Манбашунослик ва матншунослик”, “Жадид адабиёти” “Тилшунослик”, “Олтин бешик” каби рукнларда кўпгина янгиликларга бой ва илмий жиҳатдан муҳим ҳисобланган қизиқарли мақолалар ўрин олган.
Журналда мамлакатимизнинг фольклоршунослик, тилшунослик, адабиётшунослик соҳасидаги энг етук олимлари билан бир қаторда АҚШ, Германия, Туркия, Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон каби хориж мамлакатлари таниқли олимларининг мақолалари ҳам ўрин олган.
Д. Маматова, ЎзА