Адабий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида
Кейинги йилларда қардош халқлар билан адабий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Бунда қўшни мамлакатларда ижод қилаётган таржимонлар ҳам ўзбек ёзувчи ва шоирларининг асарларини таржима қилиб, адабий алоқалар мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Қирғизистонлик шоир Раҳим Карим ўзбекистонлик бир қатор шоирларнинг асарларини қирғиз, рус ва инглиз тилларига таржима қилди ҳамда Қирғизистон, Россия, Мўғулистон, АҚШ, Руминия, Тайван, Ливан, Ҳиндистон, Лотин Америкасининг бир нечта мамлакатларидаги миллий ҳамда халқаро нашрларида, ижтимоий тармоқларида эълон қилишга муваффақ бўлди.
Шеърлари қирғизистонлик ижодкор томонидан таржима қилиниб, чоп этилган ўзбекистонлик ижодкорлар орасида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Муҳаммад Юсуф, Дилбар Ҳайдарова, Фарида Афрўз, Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Одил Икром, Олимжон Ўсаров ва бошқалар бор.
Ўз ўрнида Раҳим Каримнинг “Комила” романи, “Хиёнат” повести ўзбек тилида Тошкентдаги “Сано-стандарт” нашриётида ҳар бири 5 минг нусхадан чоп этилди.
Қирғизистонлик ижодкор ўзбекистонлик санъаткорлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Мазкур ижодий мулоқотнинг меваси сифатида ўзбекистонлик хушовоз хонанда Шоҳсанам Холмирзаева ижросидаги “Дўстлик қўшиғи” таронаси яратилиб, қўшиқ Ўзбекистонда 2020 йилда ташкил этилган “Зувола” республика миллий эстрада қўшиқлари танловида ғолиблар рўйхатидан жой олган.
Шу билан бирга, Раҳим Карим Қирғизистон халқ шоири Эгемберди Эрматовнинг “Муҳаммад пайғамбар” достонини, Қирғизистон халқ ёзувчиси, машҳур драматург Мурза Ғапаровнинг “Меҳмон” повестини, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоблари Тош Мияшевнинг “Алвидо, муҳаббат!” асарини, Қармишақ Ташбоевнинг “Буюк ер фарзандлари” деб номланган болалар учун шеърлар китобини, шунингдек, адиблар Тўлўн Жўлдўшевнинг “Манас” романини, Сапар Абиловнинг “Гўристондан қайтган аёл” повестини, унинг “Олтин кавуш” болалар учун шеърлар китобчасини, шоирлар Жўлўн Мамитов, Абдирашит Урбаевнинг шеърларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилган. Бу китоблар бир қатор Қирғизистон нашриётларида чоп этилган.
Ўйлаймизки, ўшлик шоир Раҳим Каримнинг таржима соҳасида амалга ошираётган хайрли ишлари келгусида Ўзбекистон билан Қирғизистон шоир ва ёзувчилари ўртасидаги дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА