Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ўзбек – туркман халқларининг дўстлик ва қардошлик тарихи Амудай узун, деган гап бор.
Бу икки элат бир чашмадан сув ичганлиги ва илдизи бирлиги санаси ер ёшига тенг десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, урф-одатлари, қадриятлари, миллий анъаналарида ҳеч бир бегоналик йўқ. Халқ оғзаки ижодида ўзбек ва туркман элларининг анъанавий достончилиги ажралмас даражада бир-бирини тўлдириб туради. «Гўрўғли», «Ғариб ва Шоҳсанам», «Тоҳир ва Зуҳро», «Саёхатхон ва Ҳамро» каби достонлар тингловчиларнинг талабига биноан гоҳ ўзбек, гоҳ туркман тилларида куйланган. Катта сайил, тўйларда икки қардош оқинлари галма-гал сўз айтишиб, даврага қўр киритишган.

Туркман мумтоз адабиётининг асосчиси Махтумқули шеърияти эса ўзбек ўқувчиларининг қалб мулкига айланган. Ҳофизларимиз томонидан ҳар бир шеъри куйга солиниб, ижро этилган. Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жўраев каби эл севган санъаткорлар ёниб-жўшиб куйлашган.
ХХ асрда ҳам ўзбек-туркман адабий дўстлиги янада мустаҳкамланди. Қилич Қулиев, Хидир Деряев, Берди Кербобоев ва бошқа қатор туркман адибларининг асарлари ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой олган. Ўз навбатида, ўзбек адибларининг қатор асарлари, китоблари ҳам туркман тилига таржима қилиниб, қардош халқ вакилларига тақдим этиб келинмоқда.

Яқинда атоқли шоир Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Сен баҳорни соғинмадингми?» сайланмаси туркман тилида чоп этилди. Ушбу китобни чоп этишда Республика туркман маданияти маркази Қашқадарё вилояти бўлими алоҳида ташаббус кўрсатди.
Шеърий тўпламнинг туркман тилидаги таржимаси китоби тақдимоти катта шодиёнага айланиб кетди. Даставвал меҳмонлар Абдулла Орипов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, шоирга ҳурмат бажо келтирди. Сўнг Абдулла Орипов музейида бўлишди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев ўзбек-туркман халқларининг дўстлиги, биродарлиги, миллий қадриятларининг яқинлиги ҳақида гапирди.
Таржимон Жумадурди Акиев шоир ижоди ҳақида тўхталиб ўтди:
– Устоз шоирнинг шеърларини туркман тилига ўгиришни аввалдан орзу қилардим. Ўзбекистон фарзандиман. Ўзбек тилини чуқур билганим бунда қўл келди. Абдулла Орипов билан бир неча бор учрашиб, таржима ишларимни кўрсатиб, фикрини олганман. Улуғ шоирнинг шеърларини ўгириш учун ҳам юксак бадиий маҳорат зарурлигини биламан. Тўғриси, таржимага қарийб эллик йилдан бери уриниб келаяпман. Шоирнинг хонадонида кўп бор бўлиб, устоз билан мулоқот қилганман. Узоқ йиллик меҳнатимдан сўнг унинг шеърларини китоб ҳолида чоп этишга эришдим.
Республика туркман маданият маркази раиси ўринбосари Гулдана Абездурдиева, Республика туркман миллий маданият маркази вилоят бўлими раҳбари Умрзоқ Қувватов, Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева, шоирнинг қизи Шоира Орипова, филология фанлари доктори, профессор Илҳом Ғаниев, филология фанлари доктори, профессор Каримбой Қуронбоев ва бошқалар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзладилар. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов номи дунё адабиёти мухлисларига танилганлиги, унинг шеърларида фалсафий-бадиий талқин кучлилиги, нозик ишора ва ўтли ҳис-туйғулар ҳайрат уйғотиши таъкидланди.
Китоб тақдимоти адабиёт байрамига айланди. Бундай тадбирлар халқлар ўртасида эзгулик кўприги бўлиб, кўнгил ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Ўроз Ҳайдар,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари.
ЎзА