Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
А.Бурхонов: давлат харидлари соҳасида коррупция юқорилигича қолмоқда

Коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларга қарамай, афсуски, давлат харидлари соҳаси коррупция омиллари юқори бўлган тизимлардан бирилигича қолмоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги 6 йилда 791 нафар шахс давлат харидларидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхонов айтиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилмоқда.  

– Ушбу соҳада маъмурий жавобгарлик ҳолати ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда 662 та, 2023 йилда 1 минг 376 та, 2024 йилда 1 минг 334, жорий йилнинг 6 ойида эса 658 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган.  

Қонунбузилиш ҳолатларининг асосий қисмини харидлар тўғрисидаги қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, қиммат нархларда қабул қилиш, танлов ва тендер ўтказиш тартибларини бузиш, харидлар тўғрисидаги маълумотларни порталга киритмаслик, харид турини нотўғри танлаш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш каби ҳолатлар ташкил этмоқда, — деди агентлик директори.  

Ваҳоланки, коррупциянинг олдини олиш борасида давлат харидлари махсус ахборот порталида товар (иш, хизмат)ларнинг нархларини жамоатчилик учун шаффофлиги таъминланди. Давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича масофавий мониторинг қилиш тартиби, давлат харидларида ягона етказиб берувчилар реестрига киритишнинг маъмурий регламенти, давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка масъул ходимларини ўқитишга мўлжалланган “E-learning” таълим платформа (data.anticorruption.uz) ишга туширилган. Шунингдек, давлат харидлари рақобатли тарзда амалга оширилиши натижасида 2024 йилда 13,8 триллион сўм маблағ иқтисод қилингани айтиб ўтилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА