Абу Мансур Мотуридий – ўзбек халқининг ифтихори
Бундай халқаро конференциялар дунё уламолари эътироф этган олимларнинг қарашларини ва тажрибаларини ўрганишга имконият яратади.
Рафи Усмоний, Покистон бош муфтийси:
– IX асрда Мовароуннаҳр ва ислом дини тарқалган ҳудудларда мўътазилия, жаҳмия, карромия каби бир қатор адашган оқимлар ўз таълимотини сингдиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда самарқандлик буюк мутафаккир Абу Мансур Мотуридий уларга қарши Қуръон ва ҳадис асосида анъанавий аҳли сунна вал жамоа таълимоти ҳақ эканлигини ақл ва нақл асосида исботлашга бор куч-ғайратини сарфлаган олимдир. У асос солган таълимот аста-секин шогирдлари орқали бутун дунёга тарқалиб, жамиятнинг жипслашишига ва деструктив оқимларга нисбатан иммунитет ҳосил қилишга замин яратди.
Мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва Абу Мансур Мотуридий ёзган асарларни таржима қилиш ҳамда уларнинг шарҳларини яратиш бугунги глобаллашув шароитида юзага келган ва ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган турли хил мафкуравий хуружларга қарши маънавий иммунитет бўлиб хизмат қилади. Мазкур халқаро конференция мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва унинг асосларини халқчил тарзда ёшларга етказиш йўлидаги энг оқилона қарордир. Бундай халқаро конференциялар дунё уламолари эътироф этган олимларнинг қарашларини ва тажрибаларини ўрганишга имконият яратади.