Абитуриентлар касбий-ижодий синовдан ўтмоқда
Сурхондарё вилоятидаги олий таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йили бакалавриат босқичи учун алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналишларда касбий-ижодий имтиҳонлар бошланди.
Касбий-ижодий имтиҳонларнинг бош мақсади абитуриентларнинг танланган мутахассисликлари бўйича имкониятларини аниқлаш, билим ва малака даражаси, касбий кўникмаси, ижодий ҳамда жисмоний қобилиятини баҳолашдан иборат.
Вилоятдаги етакчи олий таълим муассасаси ¬Термиз давлат университетида янги ўқув йили учун вокал санъати (турлар бўйича), чолғу ижрочилиги (турлари бўйича), рангтасвир (турлар бўйича), дизайн (миллий костюм), амалий санъат (турлар бўйича), амалий санъат (турлар бўйича), спорт фаолияти (кураш) соҳаларида кундузги, шунингдек, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқа таълими, жисмоний маданият сиртқи таълим йўналишлари бўйича касбий-ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтади. Унда 1 минг 504 абитуриент иштирок этади.

Касбий-ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтадиган биноларда бўлажак талабалар учун барча шароит яратилган. Зарур техник воситалар билан жиҳозланган. Мусиқа таълим йўналишига имтиҳон топширувчи абируриентлар учун махсус аудитория, жисмоний маданият таълим йўналишига имтиҳон топширувчи абитуриентлар учун спорт заллари, амалий санъат, тасвирий санъат таълим йўналишига имтиҳон топширувчи абируриентлар учун жиҳозланган хоналар шай ҳолатга келтирилган.
Бугун Термиз давлат университетида бошланган касбий-ижодий имтиҳонлар вокал санъати (турлар бўйича), чолғу ижрочилиги (турлари бўйича), рангтасвир (турлар бўйича), амалий санъат (турлар бўйича), спорт фаолияти (кураш), жисмоний маданият таълим йўналишларида бўлиб ўтди.
Абитуриентларнинг имтиҳон ўтказиладиган бинога киришидан имтиҳонларни тугатиб, бинони тарк этгунига қадар бўлган барча жараёнлар карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилди.
Имтиҳон жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиб, тўғридан-тўғри http://Imtihon.edu.uz ва https://imtihon.tersu.uz/ манзилида онлайн намойиш этилди. Зарур бўлган ҳолларда видео ёзувларни қайта кўриш мумкин.
Касбий-ижодий имтиҳонларда иштирок этаётган абитуриентларнинг ота-оналари университет ҳовлисига ўрнатилган махсус мониторлар орқали жараённи бевосита кузатиш имкониятига эга.
Касбий-ижодий имтиҳонларда маҳаллий кенгашлар депутатлари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА