Тошкент давлат шарқшунослик университетида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбек адабиёти, илм-фани ва маданиятининг йирик намояндаси, машҳур шарқшунос олим, профессор Абдурауф Фитрат ҳаёти ва серқирра фаолиятига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирда мамлакатимизнинг етакчи жадидшунос ва фитратшунос олимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, профессор Шуҳрат Ризаев, филология фанлари докторлари, профессорлар Фитратнинг ўзбек адабиёти, илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, унинг ижодида миллий ўзлик ва миллий истиқлол руҳининг акс этиши, насрий, публицистик ва драматик асарлари, тилшунослик ва адабиётшуносликка оид илмий тадқиқотларини атрофлича таҳлил этиб, фанимизда ҳанузгача номаълум маълумотлар билан ўртоқлашди.
Қозоғистонлик олима, филология фанлари доктори Шаҳло Наралиева эса Абдурауф Фитрат илмий-адабий меросининг Қозоғистонда ўрганилиши ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети олимлари томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Абдурауф Фитрат. Ҳикматли сўзлар (хорижий тилларда)” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Абдурауф Фитратга профессор илмий унвони берилганига 100 йил тўлиши арафасида бўлиб ўтгани билан ҳам алоҳида рамзий маъно касб этди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА