Абдулла Қаҳҳор – тенгсиз ижодкор
Абдулла Қаҳҳор номини эшитганда қисқа ва лўнда жумлалар билан дунёларча маънони изоҳловчи адиб кўз олдимизга келади. Бугун, 17 сентябрь Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган кун. Ёзувчи вафотига ярим асрдан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам асарлари биз билан яшаяпти. Асарларида ўзбекларнинг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган Абдулла Қаҳҳор адабиёт оламига ҳикоя жанрининг тенгсиз устаси бўлиб кирди. Ёзувчини ҳатто ўзбек Чехови деб ҳам аташган. Унинг илк китоби - “Қишлоқ ҳукм остида” номли кичик қисса 1932 йилда нашрдан чиққан. Шундан сўнг ёзувчининг “Олам яшаради” ва “Тангрининг кулгиси” деган тўпламлари босилди. Адибнинг “Бошсиз одам” ҳикояси аёл қадр-қиммати, озодлигини куйловчи асар ҳисобланади.
Ёзувчининг илк романи ҳисобланган “Сароб” яққол кўзга ташланади. Ушбу роман кенг мавзули бўлиб, ўша даврдаги ҳаёт манзаралари реал тасвирланган, воқеалар тасвирида ҳақиқатни сақлаб қолган.

Абдулла Қаҳҳор ижодий фаолияти мобайнида 40 дан ортиқ асар ёзган. Бу китоблар орасида 30 га яқини ҳикоялар бўлиб, улар ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг бадиий уфқларини кенгайтиргани билан аҳамиятлидир. “Асрор бобо”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар” ҳикоялари ва “Олтин юлдуз” каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, ҳалқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган. Ёзувчининг урушдан кейинги йилларда яратган “Қўшчинор чироқлари” романи ва “Синчалак”, “Муҳаббат”, “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари, “Бошсиз одам”, “Анор”, “Бемор”, “Даҳшат”, “Ўғри”, “Миллатчилар”, “Санъаткор”, “Адабиёт муаллими”, “Ўжар” каби ҳикоялари ўзбек насрининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М.Горкийнинг “Менинг дорилфунунларим”, И.В.Гоголнинг “Ревизор”, Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи ва бошқа бир қатор асарларни ўзбек тилида ўқишга муваффақ бўлишган. Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, украин, беларусь қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган. Унинг айрим ҳикоялари эса инглиз, немис, француз, чех, польяк, болгар, румин, араб, ҳинд тилларида чоп этилган.
Абдулла Қаҳҳорга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилган. У 1968 йил 25 май куни Москвада 61 ёшида вафот этган. Ёзувчи вафотидан сўнг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Абдулла Қаҳҳор номи Тошкент ва Қўқондаги бир неча кўча ва мактаб, шунингдек, маданият уйларига берилган. Пойтахтда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи очилган ва ҳайкали ўрнатилган. Ёзувчи ўз асарлари билан ўзбек адабиёти хазинасини бойитди. Унинг ҳикояларини ёш-у қари бирдек севиб ўқийди. Бир сўз билан айтганда, Абдулла Қаҳҳор ўз ижодини китобхонлар қалбига муҳрлаб қўя олган такрорланмас ижодкор бўла олди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА