Абдулла Қаҳҳор – тенгсиз ижодкор
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Абдулла Қаҳҳор уй-музейи билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 115 йиллиги ҳамда адиб уй-музейи ташкил этилганига 35 йил тўлгани муносабати билан “Абдулла Қаҳҳор -- тенгсиз ижодкор” мавзусида адабий, илмий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Абдулла Қаҳҳор миллий адабиётимизнинг турли жанрларида самарали ижод қилган ҳассос сўз устаси экани таъкидланди.
Унинг асарлари асосида кинофильмлар яратилган. Бир қатор асарлари мамлакатимиз театрларида ҳамон муваффақият билан қўйилмоқда.

Атоқли ёзувчимиз меросини тарғиб этишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда адибнинг уй-музейи фаол ишлар олиб бормоқда. Ташкил этилаётган анжуманлар, очиқ дарслар, ижодий мулоқотлар давомида Абдулла Қаҳҳор ижодининг бетакрорлиги, қадр-қиммати ёшларга кенг тушунтирилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Қаҳҳор адабий мероси ва уй-музейида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий мумтоз қўшиқлардан намуналарни ижро этди. Театр санъати усталари адибнинг “Аяжонларим”, “Тобутдан товуш” драмаларидан парчалар ижро этди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири