Абдулла Орипов ижод мактаби
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов номини абадийлаштириш ва шоир издошларини кашф этиш ҳамда уларнинг истеъдодини кенг намоён қилишига шарт-шароит яратиш мақсадида 2017 йилда Қарши шаҳрида ташкил этилган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бугунги кунда 147 нафар ёш истеъдодлар адабиёт сирларини катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар.
Ўтган 3 йиллик фаолияти давомида таълим маскани кўплаб ижобий натижалар ва ютуқларга эришиб келмоқда. 20 га яқин ўқувчи фан олимпиадаларида, республика миқёсида ўтказилган "Йилнинг энг ёш истеъдодли шоири", "Заковат", "Ҳаётни сев", "Йил ҳикояси-2020" каби кўрик-танловларда ижобий кўрсаткичларга эришди. 2019 йилда мактаб "Обод мактаб" лойиҳасида республикада ғолибликни қўлга киритди.
Иқтидорли ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 дан зиёд ўқувчиларнинг шеърлари "Митти юлдуз жилолари", "Яна баҳор келди ", "Ватан бахти" , "Қувноқ болалар" каби номлар остида чоп этилди.
Албатта, янги ўтқазилган ниҳол кўкка бўй чўзиши учун бошидан ўзига хос машаққатларни ўтказади. Бугун буюк шоир номига муносиб бўлиш катта изланишни талаб этади. Бу борада мактаб педагогик жамоаси ўз тажрибаси ва илмини сафарбар этиб келажакда етук, интеллектуал салоҳиятли, комиллик сари интилувчи истеъдодли ёшларни етишиб чиқиши учун ҳаракат қилаётир.
[gallery-1680]
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА