Абдулла Абдуқодиров: Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати минтақавий ҳамкорликнинг янги муҳитини шакллантирмоқда
Мамлакатимиз мустақил тараққиётининг янги босқичида Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги ўн йилда минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги мазмун касб этиб, аввал ечими кечиккан мураккаб масалалар ўрнини ўзаро мулоқот, умумий манфаат ва самарали ҳамкорлик тамойиллари эгаллади.
Бугун Марказий Осиё нафақат жаҳоннинг йирик геосиёсий кучлари манфаатлари туташган ҳудуд, балки ўз келажагини мустақил белгилаш, умумий муаммоларга муштарак ечим топиш ва ягона минтақавий манфаатни илгари суришга қодир макон сифатида намоён бўлмоқда.
ЎзА мухбири минтақамиздаги интеграциялашув жараёни, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мазмун-моҳияти, диёримизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ҳамда бу борадаги истиқбол хусусида Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодировнинг фикрларини ёзиб олди.
– Марказий Осиёдаги интеграциялашув ва Янги Ўзбекистоннинг халқаро мавқеи ҳақида гапирар эканмиз, таъкидлаш керак, бу жараён сўнгги ўн йилда минтақа тарихидаги энг сезиларли ва ижобий ўзгаришларни юзага чиқарди. 1991 йил минтақада мустақилликка эришган беш давлат ўртасидаги муносабатлар узоқ вақт низоли чегаралар, сув ва энергия масалалари, шунингдек ўзаро ишончсизлик туфайли чекланган эди. 2016 йилдан кейин республикамизда амалга оширилган сиёсий ўзгаришлар туфайли вазият тубдан ўзгарди.
Тўғри, Марказий Осиё интеграцияси ҳали Европа Иттифоқи каби чуқур институционал тузилмага таянган эмас. Бинобарин, кўпроқ консультатив ва прагматик, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос хусусиятга эга бу “юмшоқ” қўшничилик формати ҳам амалда сезиларли натижалар бермоқда:
· 2018 йилдан бошлаб консультатив учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда. 2025 йил Тошкентдаги 7-Маслаҳат учрашувида Озарбайжон тўлиқ иштирокчи сифатида қабул қилиниши билан мазкур формат амалда C6 га айланди. Жорий йил 31 июлда Чўлпонотадаги норасмий саммит ва Чўлпонота декларацияси айни жараённинг давоми бўлди, дейиш мумкин.
· XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш учун дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома бирин-кетин барча беш давлат томонидан имзоланди. Айнан шу ҳужжат минтақавий ҳамкорликнинг сиёсий асосини яратди.
· Чегара масалалари деярли тўлиқ ҳал этилиши, айниқса 2025 йил Хўжандда эришилган уч томонлама келишув минтақа хавфсизлигини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
· Амалий соҳаларда ўзаро савдо ўсиши, Транскаспий (Ўрта) транспорт йўлаги, “Яшил йўлак” энергия ташаббуси, сув-энергетика алмашинуви бўйича келишувлар кўпаймоқда.
Жараён муваффақиятини таъминлаётган жиҳат ташқи кучлар таъсирисиз, минтақа ичидан, асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон ташаббуси билан ривожланиш йўли танланганида. Ҳали умумий бозор, ягона виза ёки кучли супер миллий идоралар шаклланмаган бўлса-да, аллақачон “сиёсий ишонч + иқтисодий манфаат” формуласига асосланган барқарор интеграция йўлига тушиб олинган.
Мустақилликнинг дастлабки 25 йилида юртимиз асосан, суверенитетни мустаҳкамлаш ва ички барқарорликни таъминлашга эътибор қаратган. Ташқи сиёсат нисбатан эҳтиёткор ва чекланган эди. 2016 йилдан кейин эса “Янги Ўзбекистон” даври бошланди ва ижобий ўзгаришлар аниқ кўрина бошлади.
Минтақавий ҳамкорлик ва “Марказий Осиё – устувор” сиёсати
Қўшни ўлкалар билан муносабат меъёрига келтирилиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик даражасига кўтарилиш охирги ўн йилликнинг энг йирик дипломатик муваффақиятидир. Эътиборлиси, бу жараёнда Ўзбекистон минтақавий мулоқотнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Кўп қиррали ва фаол дипломатия
АҚШ (C5+1), Европа Иттифоқи (Самарқанд саммити ва кучайтирилган шериклик келишуви), Хитой, Россия, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Форс кўрфази давлатлари билан бир вақтнинг ўзида чуқурлаштирилган алоқалар – буларнинг бари “барча билан дўст, ҳеч ким билан рақиб эмас” тамойилининг амалий татбиқидир.
БМТ ва кўп томонлама майдонлардаги фаоллик
Бир неча муҳим резолюция бўйича ташаббускор бўлиш, Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва бошқа органларга сайланиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларида ўз овозини кучайтириш – Ўзбекистон учун энг муҳим ўзгаришлар.
Иқтисодий дипломатия
Хорижий инвестиция кескин ортиши, ташқи савдо ҳажми кенгайиши, ЖСТга аъзолик жараёни якуний босқичга кириши (2026 йил якунлаш мақсади сақланиб турибди) – сиёсий очиқликнинг моддий натижаси.
Гуманитар ва “юмшоқ куч”
“Меҳр” операциялари, Фаластинга ёрдам, динлараро ва миллатлараро тотувлик масалаларида халқаро майдондаги ташаббуслар мамлакатимиз имижини изчил юксалтирди.
Фикримча, Марказий Осиё бугун “геосиёсий объект”дан “геосиёсий субъект”га айланиш жараёнида. Ўзбекистон эса бу жараёндаги энг фаол ва самарали ҳаракатланувчи давлатлардан бири. 35 йил ичида мамлакатимиз изоляциядан очиқ ва ташаббускор маромга кўчди. Табийки, ҳозиргача эришилган ютуқларимиз якуний манзил эмас. Интеграция чуқурлашиши учун иқтисодий ўзаро боғлиқлик янада кучайиши, инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши ва энг муҳими ички ислоҳотлар изчиллиги талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, бугунги мураккаб даврда Ўзбекистоннинг мувазанатли, прагматик ва минтақавий манфаат устуворлик қиладиган сиёсати энг тўғри йўл бўлиб қолмоқда.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА