Атоқли шоир Шавкат Раҳмон умрини адабиётга, шеъриятга бағишлаган, ҳалоллик, ор-номус, инсоф-диёнат, ватанпарварлик тимсолига айланган ижодкор эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва таржимон Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Абадият оралаб боради туркий шоир” номли фотокўргазма ва хотира кечаси ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб шоир мангу қўним топган қабристонда бўлиб, шоир руҳига Қуръон тиловат қилди.
Анжуман доирасида ташкил этилган фотокўргазмада Шавкат Раҳмоннинг ҳаёти, фаолияти, серқирра ижоди ҳақида батафсил танишиш имконияти яратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар Шавкат Раҳмон ижодининг аҳамиятли жиҳатлари, унинг ибратли фазилатлари хусусида батафсил сўзлади.
[gallery-25268]
– Шавкат Раҳмон миллий адабиётимизнинг забардаст вакили, устоз мақомидаги катта шоир эди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Шавкат Раҳмон деганда юраклар жимирлаб кетиши тайин. Сабаби оғир замонларда шеъриятни диёнат, эътиқод, деб билган, ҳазрат Навоий авлодларига хос садоқат билан хизмат қилган ижодкор кўз ўнгимизда гавдаланади. Шавкат Раҳмоннинг “Гулистон” журналида чоп этилган илк шеърлари, шунингдек, унинг дастлабки шеърий тўплами адабий жамоатчиликда, ихлосмандлар орасида жуда катта овоза бўлган. Шавкат Раҳмон шеъриятнинг энг катта намояндаларининг таълимини олган ижодкор эди. Қаттиққўл ва талабчан муҳаррир, хорижий адабиётни тўғридан-тўғри таржима қилиш учун эринмасдан атайлаб испан тилини мукаммал ўрганган шоир эди.Унинг таржималари испан тилидан она тилимизга қилинган тўғридан-тўғри таржималардир.
Уюшма томонидан Шавкат Раҳмон ижодини ўзига жамлаган “Сайланма” китоби нашрга тайёрланмоқда. Уни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек драма театрида тақдимотини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Умуман, олганда бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида адабиёт ривожига ҳисса қўшган ижодкор борки, барининг ҳурматини жойига қўйиш борасидаги эзгу ташаббус амалда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
– Шавкат Раҳмон билан дастлаб унинг шеърлари орқали танишганман, – деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Унда ҳали шоирнинг Москвада Олий адабиёт институтида ўқиб юрган кезлари эди. Кейинчалик Навоий кўчаси 30-уйдаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига ишга келди. Биз ниҳоятда яқин дўст эдик. Шавкат Раҳмоннинг энг катта хислати унинг ҳалоллиги эди. Адабиётга, ўз нуқтаи назарига, адабий жараёнга жуда ҳалоллик билан ёндашарди. “Ватан”, “адолат”, “ҳалоллик” деган тушунчалар Шавкат Раҳмон учун устувор аҳамиятга эга эди.
Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. 1975 йилда Москвадаги Адабиёт институтини тугатган. Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» номи билан 1977 йилда нашрдан чиққан. Шоирнинг «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) сингари шеърий китоблари адабиёт мухлисларига яхши таниш. Федерико Гарсиа Лорка («Сайланма», 1979), Xуан Рамон Хименес ва бошқа испан шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Бетакрор ижоди, мамлакатимиз адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси учун 1996 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган.
Хотира тадбирида Шавкат Раҳмоннинг бетакрор ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари