
Жорий йилнинг 18-22 июль кунлари мамлакатимизда «Қирғизистон маданияти кунлари» бўлиб ўтади.
Ўзбек ва қирғиз халқларининг тили, анъана ва урф-одатларидаги муштараклик халқларимиз ўртасидаги биродарлик, дўстлик, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Охирги етти-саккиз йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан дунё мамлакатлари, айниқса, туркий тилли давлатлар билан алоқалар янгича тараққиёт босқичига чиқди.
Икки қардош халқ давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар самимият, ўзаро ишонч, қардошлик, яхши қўшничилик тамойиллари асосида янгича ривожланиш босқичига кирди.

Икки давлатнинг кинематография, театр, рассомлик ва амалий санъат, фотография, оммавий ахборот воситалари, адабиёт соҳалари вакиллари мамлакатларимизда бўлиб ўтаётган турли фестиваллар, кўргазма ва биенналелар, танловлар, ижодий лойиҳаларда, адабий анжуман ва форумларда муваффақиятли иштирок этиш имконига эга бўлди.
Мамлакатимизда беш кун бўлиб ўтадиган «Қирғизистон маданияти кунлари» қамровининг кенглиги, тадбирларнинг ранг-баранглиги билан аҳамиятлидир. Салкам бир ҳафта давомида ўзбек-қирғиз санъат усталари иштирокидаги концерт дастурлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида икки қардош юрт ижод аҳлининг учрашуви, Маданият вазирлигида расмий мулоқот ўтказилади. Шунингдек, «Қирғиз кино кунлари»нинг очилиши, пойтахтимиздаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида эса «Қирғиз овули» номли кўргазма ва концерт бўлиб ўтади.

Маданият кунлари доирасида Ўзбекистон давлат консерваториясида шунингдек, атоқли қирғиз композитори, педагог ва мусиқачи, Қирғизистон халқ артисти, қардош юртнинг К.Молдобасанов номидаги Миллий консерваторияси ректори Муратбек Бегалиев ижодига бағишланган концерт бўлиб ўтади.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида «Сомончининг йўли» номли спектакль ўзбек томошабинлари эътиборига ҳавола этилади.
«Қирғизистон маданияти кунлари» Бухорода ҳам бўлиб ўтади. Бухоро вилояти «Ёшлар маркази»да концертлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, маданият кунлари дўстлик, биродарлик, дўстлик, аҳиллик байрами сифатида ҳам кенг нишонланади. Қардош юрт санъаткорлари пойтахтимиздаги диққатга сазовор масканлар – Ҳазрати Имом мажмуаси, Темурийлар тарихи давлат музейи, Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Бухородаги тарихий масканлар билан танишиш, янгиланаётган Ватанимиздаги туб ижобий ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриш имкониятига ҳам эга бўлади. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар икки қардош халқ ўртасидаги дўстликнинг абадий ва бардавом эканининг ёрқин ҳаётий далилидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири