АҚШда норозиликлар оқими тингани йўқ
Атланта полицияси намойишни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди
Атланта полицияси намойишни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди
Атланта шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим ходимлари қора танли фуқаро Рейшард Брукснинг ўлимига қарши уюштирилган намойиш иштирокчиларини тарқатиш чоғида кўздан ёш оқизувчи газни ишга солишди. Бу ҳақда “CNN” телеканали хабар тарқатган. Ёдингизда бўлса, 27 ёшли Брукс полициячи узган ўқдан яраланиб, вафот этган эди.
Полиция хабарига кўра, куч ишлатар тизим хизматчилари жума куни кечқурун шикоят мазмунидаги чақириққа жавобан, ҳодиса жойига етиб келишган. Маълум бўлишича, ичида соҳиби ухлаб ётган бир машина кичик тамаддихонага кирадиган йўлни ёпиб қўйган. Полициячилар Брукснинг мастлигини билиб, уни тутишга уринишган. Рейшард эса ўз навбатида тартибни сақлаш ходимларидан бирининг электрошок қуролини тортиб олиб, қочишга ҳаракат қилган. Шунда бир полициячи унга қарата ўқ узган. Брукс шифохонада операциядан кейин вафот этди. Ушбу воқеа туфайли шаҳар полицияси бошлиғи Эрика Шилдс истеъфо берди. Атланта мери Кейша Ленс Боттомс эса ўқ отган полициячини ишдан бўшатишга чақирди.

“CNN” хабарига қараганда, норозилик акцияси қатнашчилари автомобилларни ёқиб юборган, полициячи Бруксга ўқ узган жойда, тез овқатланиш нуқталари, кафелар ёнида олов ёқишган, бинолар деразаларини синдириб, йўлларни беркитиб қўйишган.
Оломонни тарқатиш учун полиция кўзни ёшлатувчи газдан, тахминларга кўра, ёруғлиқ-шовқин ҳосил қиладиган ўқ-дори воситаларидан ҳам фойдаланган. Маҳаллий “WSB” телеканали, ҳатто, тутун тарқатувчи шашкалар қўлланганини ҳам таъкидлаган.
Намойишчилар қулдорнинг ҳайкалини қўпориб, дарёга улоқтиришди
АҚШнинг бошқа бир шаҳри - Янги Орлеанда ҳам ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойишлар давом этяпти. Норози оломон куни кеча мамлакат тарихида ўзига хос из қолдирган қулдорлар вакили Жон Макдононинг ҳайкалини бузиб олиб, Миссисипи дарёсига ташлаб юборди. Бу ҳақда “Fox News” телеканалининг маҳаллий бўлинмаси ахборот тарқатди.
Протест қатнашчилари аввалига ҳайкални жойидан қўпориб олишди, сўнгра кўчалар бўйлаб кўтариб ўтишди. Шундан кейин ҳайкал бўлакларини иккита юк автомобилига ортиб, дарё ёқасига элтишди. Қайд этилишча, машина ҳайдовчилари қўлга олинган.
Янги Орлеан шаҳри мери Латоя Кантрелл намойишчилар ҳаракатини қоралади ва ноқонуний деб эълон қилди.
«Янги Орлеан шаҳри вандализмга, шаҳар мулкини йўқ қилишга қарши. Бу қонунга хилоф», — деб ёзган у ижтимоий тармоқ орқали.
Маълумки, Миннеаполисда полициячининг қўлида ҳалок бўлган, келиб чиқиши афро-америкалик бўлган Жорж Флойднинг фожиали ўлимидан сўнг мамлакатнинг турли штатларида ҳукумат қарори ёки шунчаки оломоннинг ташаббуси билан кўплаб ҳайкаллар, ёдгорликлар қўпориб ташланди. Жумладан, АҚШдаги Фуқаролар уруши вақтида жанубда қулдорлик тузумини ўрнатган аскар ва генераллар шарафига ўрнатилган ёдгорликлар, шунингдек қитъани очган, сўл фаоллар томонидан Америка туб аҳолисига нисбатан геноцид сиёсатини юритган, деб ҳисобланадиган Христофор Колумб хотирасига қўйилган ҳайкаллар йўқ қилинди.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади.