Қаҳрамонсан, сира ўлмайсан!
1976 йилнинг 18 ноябри. Саид ака ва Розия опа хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди.
Хотира
Халқи учун жон тиккан ўғлон,
Билгин асло унут бўлмайсан!
Яшагайсан қалбларда мангу,
Қаҳрамонсан, сира ўлмайсан!
1976 йилнинг 18 ноябри. Саид ака ва Розия опа хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга Сайёр, деб исм қўйдилар. Ўшанда Саид ака турмуш ўртоғига “Келажакда шу ўғлимизнинг сизга меҳри бошқача бўлади” деб айтганди. У ҳақ бўлиб чиқди. Афсуски, Самарқанд вилоятининг бир нечта туманларида халқ саломатлиги йўлида хизмат қилган тажрибали жарроҳ Саид акага ўғлининг онаси ва Она юртига бўлган меҳрини, садоқатини кўриш насиб қилмади...

Бола бошидан...
Олти ёшида отасидан эрта айрилган Сайёрнинг ўша пайтда кўнглидан нималар кечганлиги бизга қоронғу. Аммо Розия холанинг хотиралашича, ўғли тақдирнинг бу оғир зарбасини худди катталардек қабул қилган. Отасини қабрга қўйиб келгандан кейин мени маҳкам қучиб, қандайдир бошқача юпатганди, дея эслайди.
– Боламнинг ўшанда нима демоқчи эканлигини қалбан англаб етганман. Сайёрим чақалоқлигидан ўзгача хислатлар билан отаси ва мени кўп ҳайратлантирган. Бир сафар уйимизга меҳмонлар келганда унинг метин иродасига гувоҳ бўлганмиз. Меҳмонлар билан овора бўлиб, узоқ вақт Сайёрдан хабар олиш ёдимдан чиқибди. Кечки пайт ўғлимнинг ҳарорати кўтарилгани ва касал бўлиб қолганлигини билдик. Мурғак гўдак бўлишига қарамай, шу аҳволида умуман йиғламаганди.
Йиллар ўтиб фарзандларим отасининг ўрнини боса оладиган қобил йигитлар бўлиб улғайишди. Сайёр ўспиринлик пайтида қўлидан келганча акаси ва менга рўзғорда ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Ишлаб топган пулларини келтириб берарди...
Армон бўлган учрашув
Ҳалок бўлишидан сал аввалроқ газетада Сайёрнинг “Жасорат” медали билан тақдирлангани ҳақидаги хушхабарни ўқиб қолдим. Шундан кейин акаси Бахтиёр билан уни кўриш учун Чирчиққа бордик. Бирга яшайдиган сафдошлари билан бизни роса хурсанд бўлиб кутиб олишди. Роса соғинган эканми, бир неча кунга қолишимни илтимос қилди. Бошқа ўртоқларини ҳам чақириб, ош билан меҳмон қилмоқчилигини айтди. Рўзғор ташвишлари ва ишларим туфайли таклифини рад этганман. Ўша таклифни рад этганим бир умрлик армоним бўлиб қолди. Энди эса Сайёр билан бир мартагина дастурхон атрофида ўтириб овқатланиш, фарзандимнинг ҳидини тўйиб-тўйиб ҳидлаш учун бутун борлиғимдан кечишга тайёрман. Афсуски, вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
Сурхондарёда жангарилар билан бўлган жангда болагинам юртимиз тинчлиги йўлида кўксини қалқон қилди. Ўша воқеаларда у билан бирга бўлган дўстларининг айтишича, кўксидан яраланганига қарамай, бир нечта душманни йўқ қилган. Ўқ юрагининг тепа қисмига текканлиги учун кўп қон йўқотиши натижасида госпиталда жон берганлигини айтишди…
Болагинам камтар бўлиши билан бирга отаси айтганидек менга жуда меҳрибон эди. “Жасорат” медали билан тақдирланганини мени хавотирга қўймаслик учун эришган ютуқлари учун берилганлигини айтган экан. Кейинчалик мукофотни қуролдош дўстлари билан Ватанимиз сарҳадларини бузиб киришга ҳаракат қилган жангари гуруҳни йўқ қилишдаги хизматлари учун берилганлигини эшитдим.
Сайёр ўлмаган, Сайёрлар яшаяпти
Тақдирнинг аччиқ қисмати юрагимни ўртасада, шундай қаҳрамон фарзандни тарбиялаганимдан фахрланаман. Негаки, унинг дўстлари қийин дамларни унутишимда ёнма-ён туриб далда беришди. Уларнинг кўпчилиги ўғлимнинг жасоратидан фахрланиб, фарзандларининг исмини Сайёр деб қўйганлигини айтганларида, Сайёр ўлмаган, Сайёрлар яшаяпти деган ишонч менга умид бағишлайди. Шундай пайтларда фарзандимнинг номи авлодлар тимсолида мангу яшаётганлиги ҳис қиламан.
Сайёрнинг жасоратидан таъсирланган хоразмлик майор Ҳамдамбек Шомуратов билан она бола тутинганман. Ҳамдамбек Сурхондарёда ҳалок бўлган ўғлонлар қаҳрамонлигини янада яқинроқ ўрганишга қизиқиши туфайли менга худди ўғлимдай бўлиб қолган. У 2015 йил Самарқандга хизматга келганида мени қидириб топди. Турмуш ўртоғи Чаросхонни келинимдай, икки ўғлини ўз невараларимдай яхши кўраман. Барака топкур Ҳамдамбек болам оиласи билан тез-тез ҳолимдан хабар олиб туради. Шундай пайтларда инсоннинг исми жисмига қанчалик мос келишига амин бўламан. Сайёр ўғлим бугунги авлод тимсолида қалблардан-қалбларга кўчиб юрган бўлса, Ҳамдамбек ҳамиша қувончли ва қайғули кунларимда ёнимда эканлигига шукрона келтираман.
Яқинда кинорежиссёр Ҳилол Насимов томонидан суратга олинган “Ҳаёт” фильмини томоша қилиб, Сайёрнинг ўлмаганлигига яна бир марта амин бўлдим. Фаттоҳ Насимов ижро этган ролдаги қаҳрамонни кўриб, ўғлим тирилиб келгандай вазиятга тушдим. Шу фильм намойишидан кейин Фаттоҳ билан телефонда тез-тез гаплашиб турибман. Ҳатто бир сафар худди она болалардек йиғлаб ҳам олдик…
Розия холанинг қалб изтиробларига тўла хотираларини кўзларида ёш билан эсга олишини, қалбига малҳам бўлаётган бугунги кун воқеаларини кўриб, эшитиб қаттиқ таъсирландим. Ҳеч бир ОНА “Болам” деб нола қилмасин, экан. Осойишта ҳаёт йўлида жонини тиккан ўғлонларни вояга етказиб, уларнинг фироқида ёниб яшаётган оналар қаршисида ҳамиша бош эгамиз.
Ёшларга намуна бўлган жасорат
Ватан олдидаги хизматлари учун II даражали “Шон-шараф” ордени ва “Жасорат” медали тақдирланган махсус гуруҳ командири, лейтенант Сайёр Садинов каби қаҳрамонларнинг жасорати келажак авлод учун намунадир. Чунки юқорида тилга олинган воқеалар тарихи, уларнинг қисқа ҳаёти ва амали қалбида чўғи бор ҳар бир ёш ватанпарварлик руҳида камол топишига хизмат қилади.
Сайёр Садинов таълим олган Самарқанд шаҳридаги 19-умумтаълим мактабида унинг издошлари камол топмоқда. Қаҳрамоннинг бюсти ўрнатилган мазкур таълим даргоҳида ўқиган Жасур Давронов эндиликда “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси ҳисобланади. У Сайёр Садиновнинг жасоратига, мардлигига ҳавас қилган.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги, 9 май –Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан самарқандлик ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, вилоят мудофаа ишлари бўлими ходимлари ҳамда “Темурбеклар мактаби” вакиллари Розия хола хонадонида меҳмон бўлишди. Шунингдек, улар Сайёр Садинов ўқиган мактабда ҳам бўлиб, қаҳрамонлик ва ватанпарварлик тимсоли бўлган жасорат соҳибига бағишланган тадбир уюштирдилар. “Темурбеклар мактаби” ўқувчиси Жасур Давронов ва унинг тўрт нафар дўсти йиғилганлар қаршисида Сайёр Садинов сингари ҳақиқий юрт ўғлони бўлишга аҳд қилишди.
“Ватанпарвар” газетаси мухбири
Асрор РЎЗИБОЕВ
ЎзА учун махсус тайёрлади.