Аҳолига қулайлик яратилди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани электр таъминоти корхонаси биноси қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани электр таъминоти корхонаси биноси қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Қайта таъмирлаш ишларига 2 миллиард 650 миллион сўм маблағ сарфланган бинода барча замонавий қулайлик яратилган.
Мурожаат билан келадиган мижозлар учун ташкил этилган аҳоли қабулхонасида электрон табло ўрнатилган. Истеъмолчилар бу ерда ўзларига керакли маълумотларни олиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, туман электр таъминоти корхонаси тармоқнинг вилоятдаги йирик тузилмаларидан бири. Унинг тасарруфида 6 та нимстанция, 538 километр узунликдаги юқори кучланишли, 1013 километр узунликдаги паст кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқлари, 475 та трансформатор пункти мавжуд. Кейинги йилларда эскирган электр узатиш линияларини янгилаш ва улар ҳудудини кенгайтириш, қўшимча трансформатор пунктлари қуришга катта эътибор қаратилди. Бунинг самарасида истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш даражаси ошди. Тармоқдаги техник янгилашлар эса таъминотдаги йўқотишларни камайтиришда муҳим омил бўлди.
– Корхонамиз бугунги кунда 34710 маиший ва 2130 дан зиёд улгуржи истеъмолчига хизмат кўрсатаётир, – дейди туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Алишер Ҳамроев. – Улар фойдаланаётган электр энергияси сарфининг аниқ ҳисоб-китобини юритиш лозим. Бу борада муаммолар бор эди. Истеъмолчилар фойдаланиб келган электрон ҳисоблагичлар ўрнига замонавий ахборот технологияларига асосланган электрон, яъни “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилиши уларга барҳам берди. Бу ҳисоблагичлар электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланди. Тизим реконструкциядан сўнг корхонамизда ташкил этилган “Биллинг” марказига боғланди. Бу ерда мижоз истеъмол қилган электр энергияси билан тўланган ҳақ ўртасидаги тафовут кузатиб борилади. Қолаверса, марказда исталган ҳудуддаги электр узатиш линияларида ёки нимстанция ва трансформаторларда юзага келган ишкалликлар қайд қилинади. Мутахассисларимиз зудлик билан аварияларни бартараф этиш чораларини кўради.
Яна бир муҳим масала. Корхона муҳандис-техник ва ишчи- мутахассис ходимларини ўқитиш ёки малакасини ошириш мақсадида янги замонавий бинода тегишли даражада жиҳозланган ўқув хонаси фаолият кўрсатмоқда.
Тантанали очилиш маросими “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти таркибидаги 12 та туман ва шаҳар электр таъминоти корхонасининг раҳбарлари учун ҳам қувончли воқеага айланди. Уларга хизмат автомашиналари калитлари топширилди.