Аҳоли фаровонлиги асосий мақсаддир
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар: ютуқлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар: ютуқлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда партия бошланғич ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, уюшмаган ёшлар, ёш тадбиркорлар иштирок этди.
Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифалар ижросига бағишланган давра суҳбатида миллий истиқлол халқимизнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг ҳаётимизни юксалтиришдаги аҳамияти турли соҳаларда эришилган ютуқлар мисолида таҳлил қилинди.
– Биргина иқтисодий соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда аҳолининг реал даромадлари 11 баробар ошган бўлса, 2016 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56,9 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Хўжаева. – Ҳозирги кунда иш билан банд аҳолининг 78 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилаётган доимий эътибор, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.